Маълумот олиш ҳуқуқи тўлақонли таъминланса турли тушунмовчиликларни олди олинади
Қўқон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида Муқимий кўчасида яшовчи А.Ж.нинг Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганилди.
Мурожаатни ўрганиш давомида маълум бўлишича, истеъмолчи Фурқат кўчасида жойлашган тадбиркор М.М.га тегишли савдо дўконидан муддатли тўлов шартномаси асосида “Iphone 12 Pro” русумли телефон аппаратини харид қилган. Харид жараёнида истеъмолчига ушбу телефон аввал истеъмолда бўлганлиги тўғрисида тушунтиришлар берилган. Истеъмолчининг эътирози эса мобил қурилмага iCloud дастури ўрнатилганлиги уни ушбу қурилмадан фойдаланишида ноқулайлик туғдираётганлиги билан боғлиқ бўлган. Ушбу дастурнинг ўрнатилиши эса сотувчига муддатли тўловга сотилган мобил қурилма учун мижоз ўз вақтида тўловлар амалга ошириб борилмаган тақдирда уни масофадан туриб блоклаб қўйиш имконини беради. Сотувчилар балки шу йўл билан мижозларга тўлов маданиятини сингдирмоқчи бўлишар.
Ўрганиш давомида томонларга амалдаги истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талаблари бўйича тарғибот ишлари ўтказилди. Қонун талабларига кўра, агар харидорга сотилган мобил қурилмада шундай дастур ўрнатилган бўлса, бу ҳақда харидор олдиндан огоҳлантирилиши, унга бу борада тушунтиришлар берилиши, ушбу ҳолат ўзаро шартномада акс этиши лозимлиги юзасидан тушунтиришлар берилди. Ўрганиш якунлари билан, истеъмолчига берилган тушунтиришлардан сўнг, мазкур дастур телефонга сотувчи ва истеъмолчи ўртасидаги келишув натижаси билан ўрнатиладиган бўлди.
Муҳаммаджон Ўлмасов
Қўқон шаҳар жамияти мутахассиси
Post Comment