Олий таълим даргоҳида Федерациянинг ҳалқаро алоқалари ва бу борада эришилаётган натижалар мавзусига бағишланган очиқ мулоқот бўлиб ўтди

Олий таълим даргоҳида Федерациянинг ҳалқаро алоқалари ва бу борада эришилаётган натижалар мавзусига бағишланган очиқ мулоқот бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва Фарғона вилоят ҳокими томонидан тасдиқланган медиа тадбирлар режаси асосида Фарғона Давлат Университетининг Иқтисодиёт факультети талабалари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида “Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг ҳалқаро алоқалари ва бу борада эришилаётган натижалар” мавзусида очиқ мулоқот ўтказилди.

Тадбир иштирокчилари юртимизда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги қонунчилик базасининг шаклланиши, истеъмолчилик ижтимоий ҳаракатининг вужудга келиши, тараққий топиши ва бугунги аҳволи, ижтимоий ҳаракатнинг тимсоли бўлган – Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ва унинг ҳудудий ташкилотлари фаолияти, Федерациянинг халқаро алоқалари хусусида маълумотларга эга бўлдилар.

Таъкидландики, Федерация 2018 йилдан бошлаб дунёнинг 100 дан ортиқ давлатларининг 200 га яқин ташкилотлари аъзо бўлган Халқаро истеъмолчилар ташкилоти (Consumers International)нинг тўлақонли аъзоси ҳисобланади, яъни ушбу халқаро ташкилот фаолиятида овоз бериш ҳуқуқи билан иштирок этади.

Гарчи, Федерация 2018 йилга қадар дунёдаги истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фаолият олиб борувчи бир неча турдош ташкилотлар билан ҳамкорлик меморандумларини имзолаган бўлсада, халқаро ташкилотга аъзоликдан сўнг бу борадаги ишлар янада жадаллашди. Бугунги кунда Федерация МДҲ давлатларидаги бир қатор турдош ташкилотлар, Европанинг бир қатор давлатлари (Франция, Германия, Англия, Португалия, Исроил, Туркия), Осиё давлатлари (Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Малайзия, Вьетнам ва б.), штаб квартираси Россияда жойлашган КонфОП халқаро ташкилоти (Истеъмолчилар жамиятлари конфедерацияси) билан ҳамкорлик меморандумлари асосида яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйган. Бугунги кунда АҚШ ва Канададаги турдош ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида ишлар олиб борилмоқда.

Халқаро истеъмолчилар ташкилоти ҳамда КонфОП ҳамкорлигида 2020 йил январида мамлакатимизнинг Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида “Биринчи Европа ва Осиё мамлакатлари истеъмолчилари форуми” ўтказилди. Европа ва Осиё мамлакатларида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фаолият олиб бораётган ташкилотлар иштирокида тарихда биринчи бор ташкилланган мазкур халқаро форум ишида Халқаро истеъмолчилар ташкилоти президенти Маримуту Надасон, КонфОП бошқаруви раиси Дмитрий Янинлар шахсан иштирок этдилар. Форум доирасида истеъмолчиларнинг трансчегаравий мурожаатларини ҳал қилиш масалалари, истеъмолчиларнинг туризм ва электрон тижорат соҳасида муаммоларини ҳамкорликда ҳал қилиш ва бошқа шу каби масалалар кенг муҳокама қилиниб, унинг якунларига кўра Тошкент декларацияси қабул қилинди.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ташаббуси билан 2021 йилнинг ноябрь ойида ташкилланган “Sayyoh-2021” форумида дунёнинг 60 га яқин давлатидан халқаро экспертлар онлайн ва оффлайн тарзда иштирок этдилар. Форум иштирокчилари томонидан Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг жорий ҳолати, келгусидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари, истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, сайёҳ (истеъмолчи)лар муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш каби мавзулар муҳокама қилинди. Форумда асосан 3 та масала кўтарилди: “Халқаро туристик ҳуқуқ ва туризм соҳасида истеъмолчиларнинг трансчегаравий мурожаатлари”, “Таълим ва тиббий туризмда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни яхшилаш вазифалари”, “Электрон туризм соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш: халқаро тавсиялар ва мамлакатлар тажрибаси”. Форум якунларига кўра Хива декларацияси қабул қилинди.

Шунингдек, Федерация делегацияси Евроосиё иқтисодий комиссиясининг истеъмолчилик соҳасига оид ҳар йили ўтказиладиган форумларида фаол иштирок этиб келмоқда. Шулардан сўнгиси ўтган йили Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида ўтказилган “Антиконтрафакт-2022” халқаро форумидир.

Ҳудудий бирлашма Ахборот хизмати

Post Comment