Хонадонда ичимлик суви тармоғи мавжуд бўлмасада қарздорлик ҳисобланган
Истеъмолчилар томонидан келаётган мурожаатларнинг айримларини хонадонларида ичимлик суви тармоғи мавжуд бўлмасада, аҳолига мазкур хизматларни кўрсатувчи корхона томонидан қарздорлик ҳисобланаётганлиги тўғрисидаги аризалар ташкил қилмоқда. Мана шундай муаммоли вазиятга дуч келган “Тоғлиқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Т. С. ҳам Тошлоқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига ёзма равишда мурожаат қилишга мажбур бўлган.
Фуқаронинг аризасида келтирилишича, яшаб турган хонадонини кадастр ҳужжатларини тайёрлатиш жараёнида “Фарғона сув таъминоти” МЧЖнинг Тошлоқ туман бўлимига корхона хизматлари бўйича қарздорлиги йўқлиги ҳақида маълумотнома олиш учун боради. Корхона масъуллари унга хонадоннинг ичимлик суви тўловларидан 546 850 сўм қарздорлиги мавжудлигини айтиб, қарздорлиги йўқ мазмунидаги маълумотнома мазкур қарздорлик бартараф қилиниши билан берилиши мумкинлигини тушунтирадилар. Фуқаронинг сўзларига кўра нафақат хонадони, балки яшаш маҳалласига ҳали ичимлик суви тармоғи кириб бормаган.
Мурожаатни туман аҳолисига ичимлик суви етказиб берувчи корхона масъуллари ҳамкорлигида ўрганилиши жараёнида мурожаат эгаси аризасида келтирилган важлар исботини топиб, хонадонга ҳақиқатда ҳам ичимлик суви тармоғи тортилмаганлиги маълум бўлди. Масъулларнинг айтишича, қарздорлик техник хатолик туфайли юзага келган.
Ўрганиш ишлари жараёнида масъулларга амалдаги истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талаблари тарғиботи олиб борилиб, фуқарога ичимлик суви тўловлари бўйича ҳисобланган асоссиз қарздорлик бекор қилинганлиги расмий равишда маълум қилинди.
Шоҳистахон Рахимова,
туман жамияти мутахассиси.
Post Comment