Беш юз минг сўм истеъмолчининг ёнига қоладиган бўлди
Учкўприк тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шу туманда яшовчи фуқаро А.С.нинг харид қилинган товардан фойдаланиш даврида юзага келган нуқсонни бартараф этилишида амалий ёрдам кўрсатилиши сўраб қилинган мурожаати ўрганилди.
Фуқаро ўз мурожаатида маълум қилишича, у тумандаги кредит савдо дўконидан кузатув камераси харид қилади ва ундан мунтазам фойдаланишни бошлайди. Орадан 3 ой ўтиб, кузатув камераси номаълум сабабларга кўра ишламай қолади. Бу ҳақда савдо дўкони масъулларига қилинган мурожаати асосида улар томонидан кўздан кечириш натижаларига кўра эса камера 500 000 сўм эвазига тузатилиши бўйича жавоб олади. Шундан сўнг туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилишга қарор қилади.
Амалдаги қонунчиликка кўра, узоқ муддат фойдаланиладиган барча турдаги товарларга кафолат муддати белгиланиб, кафолат муддати мобайнида товарнинг нормал ишлашини таъминлаб берилиши тўғрисида нормалар белгилаб қўйилган. Кафолат муддати давомидаги истеъмолчининг муҳим ҳуқуқларидан бири товарда юзага келган нуқсонни бепул бартараф этилишини талаб қилиш ҳуқуқидир. Шунинг билан биргаликда, нуқсонларни бартараф этилиши бўйича муддатлар ҳам белгиланган бўлиб, ушбу муддатларга амал қилмаслик, уларни ўтказиб юбориш сотувчи (ишлаб чиқарувчи) томонидан истеъмолчига неустойка (пеня) тўлашга ҳам сабаб бўлади.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, туман жамияти томонидан фуқаро мурожаати асосида кредит савдо дўконига юзага келган ҳолат, ушбу ҳолатда амалдаги қонунчилик талаблари ва муаммонинг ечими юзасидан киритилган сўровга кўра кузатув камераси бепул таъмирланиб, истеъмолчи қўлига соз ҳолатда топширилишига эришилди.
Юлдузхон Абдурахмонова,
туман жамияти мутахассиси.
Post Comment