Истеъмолчи сифатида судга мурожаат қилиш тартиблари тўғрисида маърифий тадбир бўлиб ўтди

Истеъмолчи сифатида судга мурожаат қилиш тартиблари тўғрисида маърифий тадбир бўлиб ўтди

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда вилоят ҳокимлиги томонидан тасдиқланган медиа тадбирлар режасига асосан «Истеъмолчилар ҳуқуқларини судгача ва суд тартибида ҳимоя қилиш асослари» мавзусида очиқ мулоқот ўтказди. Тадбир Фарғона вилоят суди билан ҳамкорликда ташкилланиб, унда Фарғона давлат университети талаба ва ўқитувчилари, Федерация тизими ходимлари, ННТлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбир доирасида Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 26 апрелда қабул қилинган “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 221-I-сонли Қонуни асосида истеъмолчиларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, уларни судгача ҳал қилиш масалалари, шунингдек истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни кўзлаб судларга даъво аризалари киритиш ва уларни суд идораларида кўриб чиқиш тартиблари юзасидан атрофлича тушунтиришлар бериб ўтилди.

Муҳокамаларда сўз олган Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро суди судьяси Дилрабо Исматуллаева, “Мадад” ҳуқуқий маслаҳат бюроси Фарғона шаҳар бўлими бош мутахассиси Маҳмуджон Жўраев, “Ўзбекинвест” экспорт-импорт суғурта компанияси Фарғона филиали Ахборот хизмати раҳбари Камола Полвоновалар томонидан барчанинг истеъмолчи эканлиги, шундан келиб чиққан ҳолда соҳага оид қонунчиликнинг жамият ҳаётида тутган ўрни ва роли, ўзлари меҳнат фаолияти олиб бораётган ташкилотларда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишида олиб борилаётган ишлар хусусида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.

Очиқ мулоқот доирасида иштирокчиларнинг кун тартибидаги масала юзасидан фикр-мулоҳаза ҳамда таклифлари тингланиб, уларни қизиқтирган саволларга жавоблар қайтарилди.

Ҳудудий бирлашма Ахборот хизмати

Post Comment