Товарда кафолат муддатида топилган нуқсонлар бепул бартараф эттириб берилди

Товарда кафолат муддатида топилган нуқсонлар бепул бартараф эттириб берилди

Қўқон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шаҳарнинг Янги Чорсу кўчасида истиқомат қилувчи Э.Қ.нинг харид қилинган маиший техникада нуқсон чиққанлиги ҳолати юзасидан Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганилди.

Ўрганишда маълум бўлишича, истеъмолчи шаҳардаги “Ишонч” кредит савдо дўконидан маиший техника буюмларини харид қилиш бўйича 4 млн сўмлик муддатли тўлов шартномасини имзолаган. Мазкур шартнома асосида харид қилинган LG VC83209UHA русумли чанг ютгич муайян вақт давомида хонадонда фойдаланиб келиш жараёнида қизиб, ҳид чиқариб ишлай бошлагач, сотувчига ушбу масаладаги эътирозларини билдирган бўлсада, томонлар ушбу масала бўйича муросага кела олмаганлар. Шундан сўнг истеъмолчи амалий ёрдам сўраб Федерация ишонч телефонига мурожаат қилган.

Мурожаат кредит савдо дўкони масъуллари иштирокида ўрганилиши жараёнида истеъмолчининг товардаги нуқсон юзасидан билдирган эътирози ўринли эканлиги исботини топди ҳамда “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 15-моддасидаги товарда кафолат муддатида топилган нуқсонларни сотувчи томонидан бепул бартараф этиб берилиши бўйича нормаси қўлланилиб, истемолчининг чанг ютгичидаги нуқсонлар бартараф этилди ва соз ҳолда унга топширилди.

Муҳаммаджон Ўлмасов,
шаҳар жамияти бош мутахассиси.

Post Comment