Тилла буюмлар алмаштирилмайди ёки қайтариб олинмайди, лекин …

Тилла буюмлар алмаштирилмайди ёки қайтариб олинмайди, лекин …

Амалдаги қонунчиликка кўра, мақбул сифатдаги товарларни алмаштириб олиш тартиби ва алмаштириб берилмайдиган товарлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати тасдиқлайдиган қоидалар билан белгиланади. Ушбу товарлар рўйхатида тилла буюмлар ҳам бор. Лекин сезганингиздек, ушбу талаблар мақбул сифатдаги, нуқсонлари бўлмаган товарларга тегишли. Агар товарда нуқсон бўлсачи? Унда истеъмолчида бундай товарни алмаштириб олиш ҳуқуқи вужудга келади.

Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шундай мурожаатлардан бири кўриб чиқилди. Янги Марғилон шаҳарчасида яшовчи Д.Э. шаҳардаги тилла буюмлар дўконидан 2 500 000 сўмга, муддатли тўлов шартларида, тилла узук харид қилади. Лекин ундан фойдаланиши жараёнида узук кийимларига илиниб қолаверади. Сабабини билса, тақинчоқда нуқсон, яъни унинг кўз қисмида ёриқ мавжуд экан. Сотувчи билан бу борада олиб борган мулоқотларидан натижа бўлмагач, ушбу масалада амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб, шаҳар жамиятига мурожаат қилиб келади.

Шаҳар жамияти мутахассислари томонидан “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”нинг VII-боби 99-бандига кўра, сотиб олунгунга қадар сотувчи томонидан қайд қилинмаган нуқсонлар (зиракка тошлар, илгакларнинг, билакузукка шарнирли бирикмаларнинг бўш маҳкамлангани, ёриқлар, синган, тирналган жойлар, ғудурлар ва бошқа нуқсонлар) аниқланган ҳолатларда, истеъмолчида бундай нуқсони бор буюмни шундай буюмларга ёки бошқа буюмларга алмаштириш ҳуқуқи вужудга келиши ҳамда қонун ва қоидаларнинг бошқа талаблари сотувчига тушунтирилиши билан нуқсонли тилла буюм бошқа мақбул сифатдагисига алмаштириб берилди.

Муҳаммадазиз Исақов,
шаҳар жамияти мутахассиси.

(иллюстратив фото)

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin