Товарда аниқланган нуқсон бепул бартараф этиб берилди
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмасига Қувасой шаҳрида яшовчи Қ.М.нинг Фарғона шаҳридан харид қилган ортопедик матрасдан фойдаланиш жараёнида нуқсонлари аниқлангани, сотувчидан бу борада тайинли жавоб ололмаганлиги борасидаги мурожаати ўрганилди.
Маълум бўлишича, ортопедик матрас “Goods trade mall” МЧЖ билан имзоланган шартнома асосида 2 074 000 сўмга, муддатли тўлов шартларида харид қилинган. Истеъмолчи матрасдан 4 ой давомида фойдаланиши жараёнида унда турли нуқсонлар кузатилган. Масала юзасидан сотувчи билан бир тўхтамга кела олмаганларидан сўнг, ҳудудий бирлашмага мурожаат қилиб, уни қонуний асосларда ҳал қилиш бўйича амалий ёрдам кўрсатилишини сўраган.
Амалдаги қонунчиликка кўра, истеъмолчи товардаги нуқсонлар бўйича ўз эътирозларини товарнинг кафолат муддати ёхуд яроқлилик муддати мобайнида, кафолат муддати ва яроқлилик муддати белгиланмаган товарлар бўйича олти ой мобайнида билдириб, қонуний ҳуқуқларини амалга ошира олади. Шунинг билан биргаликда, қонунда белгиланган нормалар асосида ушбу муддатлардан сўнг ҳам эътирозлар билдирилиши ва ҳуқуқлар талаб қилиниши имкониятлари мавжуд.
Ҳудудий бирлашма мутахассислари томонидан мурожаат ўрганиб чиқилиши жараёнида сотувчи билан олиб борилган тушунтириш ишларидан сўнг, сотувчи томонидан товардаги нуқсонларни бепул бартараф этиб берилиши тартибида муаммо ҳал этилиб, ортопедик матрас истеъмолчи қўлига соз ҳолатда топширилди.
Фахриддин Бойназаров,
ҳудудий бирлашма сектор бошлиғи.
(иллюстратив фото)
Post Comment