Дорихона ходими хатоси туфайли истеъмолчига етказилган моддий зарар қоплаб берилди
Харид қилинган дори воситалари ва тиббий буюмлар қайтариб олинмаслиги ёки алмаштириб берилмаслиги тўғрими? Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 апрелдаги 185-сон қарори билан тасдиқланган “Дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш қоидалари”нинг 39-бандига кўра, дорихоналардан реализация қилинган дори воситалари ва тиббий буюмлар қайтариб олинмайди ва шунга ўхшаш дори воситалари ва тиббий буюмларга алмаштирилмайди. Лекин харид қилинган дори воситаси истеъмолга яроқсиз деб топилган, ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик (сақлаш) муддатлари кўрсатилмаган, яроқлилик (сақлаш) муддатлари ўтган, бир дори воситаси ўрнига адашиб (ёки атайлаб) бошқаси бериб юборилган ва қоидаларда белгилаб қўйилган бошқа ҳолатлар бундан мустаснодир.
Фарғона шаҳрида яшовчи Х.М. билан ҳам юқоридаги ҳолатлардан бири, яъни дорихона сотувчиси англашилмовчилик натижасида истеъмолчи сўраган дори воситаси ўрнига бошқа дори воситасини бериб юбориш ҳолати содир бўлган. Истеъмолчи мурожаатида сафарга шошиб турганлиги боис ушбу ҳолатни сезмай қолганлигини маълум қилади.
Тошлоқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан муроажаат асосида Фарғона шаҳрида жойлашган “XURMO” D КТХФ раҳбари номига юзага келган ҳолатни бартараф қилиш ҳамда истеъмолчига етказилган моддий зарарни қоплаб берилиши юзасидан талабнома хат киритилди. Талабнома дорихона масъуллари томонидан тезкорликда ўрганиб чиқилиб, истеъмолчига етказилган 250 000 сўм моддий зарар қоплаб берилди.
Шоҳистахон Раҳимова,
туман жамияти мутахассиси.
Post Comment