Йўловчилар манфаатини кўзлаб

Йўловчилар манфаатини кўзлаб

Ёзевон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига йўловчи ташиш йўналишида аҳолига кўрсатилаётган иш, хизматлар сифати талаб даражасида эмаслиги, ҳаракат йўналишларида тартибсизликларга йўл қўйилаётганлиги, шунингдек йўл кира нархларини сунъий равишда ошиб кетиши масалаларида Қоратепа ҳамда Гузарбоши маҳалла фуқаролар йиғини раисларининг мурожаати келиб тушди. Мурожаатда “Қоратепа-Ёзёвон” йўналишида аҳолига йўловчи ташиш хизматларини кўрсатаётган ҳайдовчиларнинг ҳатти-ҳаракатларидан норозилик билдирилган.

Мурожаат асосида ўрганиш ўтказилиб, Ўзбекистон автомобил транспорти агентлиги Фарғона вилоят бошқармаси мутахассислари хамкорлигида Қоратепа автошоҳбекатида фаолият олиб бораётган “Нишонбой” хусусий фирмаси идорасида йиғилиш ўтказилди. Йиғилишга Қоратепа ва Гузарбоши МФЙ раислари, фуқаролар ҳамда ушбу йўналишда қатновчи ҳайдовчилар таклиф этилди.

Йиғилиш доирасида йўловчи ташиш хизматларини кўрсатаётган масъуллар ва ҳайдовчиларга йўл кира нархлари ўзбошимчалик билан оширмаслик, тасдиқланган нархларда йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатиш, истеъмолчиларга хизмат кўрсатувчи субъектнинг номи, жойлашган юридик манзили, иш тартиби, йўналишлар бўйича ҳаракат жадвали, йўловчи ташиш транспортларининг йўналишлар бўйича номини акс эттирувчи лавҳа маълумотлари, имтиёзларга эга бўлган йўловчилар ва багаж учун қўлланиладиган тарифлар, йўловчилар учун қўшимча қулайликлар яратиш, ҳайдовчиларнинг йўналишга чиқишдан олдин тиббий кўрикдан, автотранспорт воситасининг техник кўрикдан ўтишини таъминлаш, йўловчиларга чипталар беришнинг мажбурий тартибини жорий этиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги тушунтириб ўтилди. Шунингдек, шундай ҳолат такрорланса йўналиш масъуллари, шу жумладан ҳайдовчиларга нисбатан тегишли ҳуқуқий таъсир чоралари кўрилиши ҳақида огоҳлантирилди. Йўловчи ташиш корхонаси раҳбарларига назоратни янада кучайтириш, ўзбошимчалик билан нархни ошираётган, амалдаги қонун-қоидалар ва тартибларга амал қилмаётган ҳайдовчиларни макзур йўналишларда йўловчи ташиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича таклифлар киритилди.

 Шерзод Шокиржонов

Ёзёвон туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси

Отправить комментарий