Ноқулайлик бартараф этилди

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона туман жамияти томонидан Тошкент шаҳрида яшовчи, ҳозирда Фарғона тумани ҳудудида жойлашган “Чимён чашмаси” сиҳатгоҳида соғлигини тиклаётган Ф.Р.Инагамованинг сиҳатгоҳдаги жойлашган хонасининг совуқлиги, унинг жорий соғлиги ҳолати ва олиши лозим бўлган муолажалари мазкур шароитга тўғри келмаслигини маълум қилиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ишонч телефонига унинг қизи Ф.Б.Инагамова қилган мурожаат ўрганилди.

Маълум бўлишича, мурожаат эгаси онасини жорий йилнинг 6 октябрь соат 14-30 ларда сиҳатгоҳга олиб келган, онахонни сиҳатгоҳнинг 4-қаватидаги 403-хонага жойлаштиришган. Хона ҳақиқатда бироз совуқроқ бўлган. Сабаби шу кунларда ҳудудимизда ҳаво ҳароратининг пасайиши кузатилган, лекин жойларда марказий ва маҳаллий қозонхоналар орқали иссиқлик энергиясини узатилиши ҳали бошланмаган эди. Ҳаво ҳароратининг пасайиши сабабли сиҳатгоҳ маъмурияти 6 октябрь куни кечга яқин иситиш қозонхоналари (котёллари)ни ишга туширган. Иситиш тизимларини тўлиқ ишга тушиб кетиши эса бироз вақт талаб қиладиган жараён. Эртасига онахонни бинонинг иситиш тизимининг таъсири сезиларли бўлган ҳамда физиотерапевтик муолажаларини олиш хоналарига яқинроқ бўлган 2-қавати 206-хонасига кўчирилган ва қўшимча равишда иситиш печи билан таъминланган.

Мурожаатни ўрганиш жараёнида онахон билан суҳбатлашиб, ундан шароитлар хусусида сўраб-суриштирдик. У ҳозирда жойлашган хонасидаги шароитлар, унга кўрсатилаётган эътибордан мамнунлигини маълум қилди.

Ўрганиш ишлари жараёнида сиҳатгоҳ масъулларига истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик тарғиботи ўтказилиб, ҳар бир дам олувчига муносиб шарт-шароитларни яратиб бериш, куз-қиш мавсумини талофатларсиз ўтказиб олиш борасидаги таклиф ва тавсиялар берилди.

Жаҳонгир Нишонбоев
Фарғона тумани ИҲҲҚ жамияти бош муьахассиси