Ўрганиш ишлари натижалари билан томонлар муросага келди

Қўқон шаҳрида яшовчи Ш.У. Ўзбекистон Республикаси Президенти ишонч телефонига қилган мурожаатида автомобилларни ювиш шаҳобчаси томонидан кўрсатилган хизматлардан норозилигини маълум қилган.

Мурожаатни ўрганиш жараёнида маълум бўлишича, мазкур шаҳобча Қўқон шаҳрига чегарадош Учкўприк тумани ҳудудида жойлашган якка тартибдаги тадбиркор Р.Юлдашевга қарашли автомобилларни ювиш шаҳобчаси экан. Шаҳобча масъули билан мазкур масалада гаплашилганда, масъул ҳақиқатан Ш.У.га хизмат кўрсатганликларини, лекин у хизмат кўрсатилиши натижаларидан қониқмаганлигини, натижада орада бироз тушунмовчилик келиб чиққанлигини маълум қилди.
Шаҳобча масъулларига мамлакатимизнинг амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни мазмун-моҳияти, истеъмолчининг ҳуқуқлари, хизмат кўрсатувчи (ижрочи)га қонун билан белгилаб берилган мажбуриятлар юзасидан тушунтиришлар берилди.

Хусусан, қонуннинг 19-моддасига кўра, агар ижрочи ишда (хизматда) жиддий нуқсонларга йўл қўйган бўлса, истеъмолчи ўз хоҳишига кўра нуқсонлар бепул бартараф этилишини, бажарилган иш (кўрсатилган хизмат) баҳоси нуқсонларга мутаносиб равишда камайтирилишини, ёхуд ишнинг такроран бажарилишини ёинки шартнома бекор қилиниб, кўрилган зарар тўлиқ қопланишини талаб қилишга ҳақли.

Ўтказилган тушунтиришлардан сўнг, шаҳобча томонидан қонун талабидан келиб чиқилиб, иш такроран бажарилди. Натижада ўрганиш ишлари томонларнинг муросага келиши билан якун топди.

Наргизахон Шералиева
Учкўприк туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси