«Ҳазилкаш банкомат»

Учкўприк тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти тумандаги ташкилот, корхона, муассасаларда жадвал асосида учрашувлар, давра суҳбатлари, ўқув семинарлар ўтказиб келмоқда. Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад истеъмолчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини янада ошириш, кундалик турмушда истеъмолчилик соҳасида дуч келаётган муаммоларни ечишда ваколат доирасида амалий ёрдамлар кўрсатиш, уларни истеъмолчилик ижтимоий ҳаракатига жалб қилишдан иборат.

Яқинда мактабимизда ўтказилган давра суҳбатидан сўнг мен ҳам Федерация аъзолигига киргандим. Шу кунларда бир муаммога дуч келиб қолдим, шу муаммони ечимини топишига ёрдам берсаларинг, — дея мурожаат қилди ўзини Н. Олимова деб таништирган аёл.

Мурожаатдан маълум бўлишича, у жорий йилнинг 6 январь куни ўғлига банк пластик картасини бериб, Қўқон бозорига бориб, рўзғор учун бозорлик қилиб келишини тайинлаган. Ўғли 250 000 (икки юз эллик минг) сўм маблағни нақдлаштирмоқчи бўлиб, “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Қўқон филиалига қарашли банкоматга пластик картани солган. Керакли амалиётлар бажарилгандан сўнг, банкомат пластик картани ва тўлов чекини чиқарган, бироқ пул банкоматнинг пул чиқаришга мўлжалланган жойидан чиққану яна тезлик билан қайтиб кириб кетган.

Бу ҳолга ҳайрон бўлган фуқаро иложсизликдан пластик картани яна “ҳазилкаш банкомат”га солган ва 150 000 (бир юз эллик минг) сўм пулни нақдлаштириб, рўзғор учун бозорликни қилиб уйига келган ва бўлган воқеани онасига айтган.

Шу куниёқ она-бола “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Қўқон филиалига бориб, мутахассисга учрашиб, юқоридаги ҳолатни айтишган. Банк мутахассиси пластик картанинг кирим-чиқим тарихини текшириб, банкоматдан 250 000 сўм пул олинганлигини ва уларга бу масалада ёрдам беролмаслигини айтади. Шундан сўнг истеъмолчи ушбу масалада ёрдам сўраб Учкўприк тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилади.

Туман жамияти мутахассислари томонидан ўтказилган ўрганишлар жараёнида мурожаат юзасидан тўпланган материаллар (тўлов чеки, банкоматга ўрнатилган видео камера ёзуви нусхалари) Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Фарғона вилояти бош бошқармасига юборилди. У ердагилар томонидан эса ҳолат тзекорлик билан ўрганиб чиқилиб, фуқаронинг 250 000 сўм пули пластик картаси рақамига қайтариб тушириб берилди.

Наргизахон Шералиева
Учкўприк тумани ИҲҲҚ жамияти мутахассиси