Олтиариқда ҳам туман жамиятининг умумий йиғилиши бўлиб ўтди

Бугун Олтиариқ туманида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти фаолларининг умумий йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда жамият ижро этувчи аппарати ходимлари, таянч гуруҳлари раҳбарлари ва ҳудудий бирлашма вакиллари қатнашдилар.

Умумий йиғилиш кун тартибига кўра унда иккита масала кўриб чиқилди. Кун тартибининг биринчи масаласи — Олтиариқ туман жамиятининг 2016-2020 йиллар ва 2021 йилнинг ўтган давридаги фаолияти юзасидан жамият раиси, туман Кенгаши депутати Бахтиёр Абдурахмоновнинг ҳисоботи тингланди. Муҳокамаларда сўз олганлар туман жамиятининг ўтгане даврдаги ҳисоботини маълумот учун қабул қилиш ҳамда фаолият якунларини қониқарли деб топиш юзасидан таклиф киритдилар.

Йиғилишнинг иккинчи масаласи доирасида Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмасининг навбатдаги конференциясига вакиллар сайлаш масаласи кўриб чиқилди ҳамда муносиб номзодлар танланиб, 5 нафар фаолнинг туман истеъмолчилари номидан вилоят конференциясида иштирок этишлари учун ишонч билдирилди.

Умумий йиғилишда ҳудудий бирлашма раис ўринбосари-ижрочи директор Д.Фозилов ва сектор бошлиғи О.Миллабоевлар иштирок этдилар ҳамда кун тартибидаги масалалар юзасидан ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.

Дилобар Дадахонова
Олтиариқ туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси