Ҳудудий бирлашманинг навбатдаги Конференцияси бўлиб ўтди

2021 йилнинг 14 октябрь кунида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмасининг навбатдаги конференцияси ўтказилди. Конференция ишида Федерациянинг туман ва шаҳар жамиятлари умумий йиғилишларида сайланган вакиллар, Федерация фаоллари ҳамда ҳудудий бирлашма ижро этувчи аппарати масъуллари иштирок этдилар.

Конференция кун тартибида 5 та асосий масалалар кўриб чиқилди. Кун тартибининг асосий масалаларидан бири бўлган “Ҳудудий бирлашма томонидан 2016-2020 йиллар ва 2021 йилнинг 9 ойи давомида амалга оширилган ишлар тўғрисида” ҳудудий бирлашма раиси Ахроржон Рахмоналиев ҳисобот берди.

Таъкидландики, ҳудудий бирлашма 2003 йилнинг 8 январь кунидаги таъсисчилар умумий йиғилиши қарори билан ташкил этилган этилган бўлиб, унинг таркибида 19 та жамиятлар, хусусан 4 та шаҳар ва 15 та туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари фаолият кўрсатиб келмоқда. Бугунги кунда вилоятда Федерациянинг 103 327 та аъзолари мавжуд бўлиб, улар жами 302 та таянч гуруҳларига (бошланғич ташкилотларга) бирлашган.

Ҳисобот даврида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги амалдаги қонун ва қонуности меъёрий ҳужжатларини кенг тарғиб қилиш мақсадида жами 7835 та маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиб, шуларнинг 3243 таси тарғибот тадбирлари, 2156 таси босма оммавий ахборот воситалари, яъни газета ва журналлардаги чиқишлар, 2436 таси электрон оммавий ахборот воситалари чиқишлардан иборат бўлди.

Ўтган давр ичида ҳудудий бирлашма томонидан ўқувчи ёшлар иштирокида “Мен ёш истеъмолчиман”, “Ҳуқуқ ва бурч” кўрик танловлари, “Брейн-ринг” интеллектуал ўйинлари, Федерация таянч гуруҳлари ўртасида “Энг фаол таянч гуруҳи” кўрик-танлови, маҳалла фуқаролар йиғининг тегишли комиссияси иштирокида “Фуқаролар йиғинининг жамоатчилик назорати ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича энг намунали комиссияси” кўрик-танлови, Федерация раиси иштирокида водийнинг 3 та вилоятидаги тизим ёшлари учун “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви, Федерация тизимида меҳнат фоалияти олиб бораётган ёшлар учун “Янги Ўзбекистоннинг бунёдкорларимиз” шиори остида ёшлар Форумлари ўтказилди.

Федерация ташаббуси билан ташкилланган «Обод хонадон — юрт кўрки», «Ижтимоий кўмак» акциялари бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишларнинг Фарғона вилоятидаги ижроси тўлиқ таъминланди.

Федерация ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йилнинг 13 сентябрдаги «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги ПҚ-3271-сонли қарори ҳамда «Ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича бешта муҳим ташаббус»лари асосида «Истеъмолчилар кутубхонаси» лойиҳаси ишлаб чиқилганди. Ана шу лойиҳа асосидаги республикадаги биринчи кутубхона Олтиариқ туманида бунёд этилди. Шундан сўнг, «Истеъмолчилар уйи» лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилиб, биринчи «Истеъмолчилар уйи» ҳам айнан Фарғона вилоятида — Риштон туманида бунёд қилиниб, ишга туширилди. Бугунги кунга келиб Бағдод ва Фарғона туманлари, Фарғона шаҳри ҳамда Қўштепа туманларида ҳам ушбу лойиҳалар тўлиқ амалга оширилди. Ҳозирда Данғара ва Ёзёвон туманларида бу борадаги ишлар тизимли асосда давом эттирилмоқда.

Федерация тизимида республика бўйича 1091 қисқа рақамли ягона ишонч телефони ташкил қилинган бўлиб, ҳафтанинг иш кунлари давомида соат 09-00 дан 18-00 га қадар фуқароларнинг соҳага оид муаммолари қайд қилиб борилмоқда. Шунингдек, Федерациянинг istemol.uz расмий сайтида вертуал қабулхона ҳам ташкил қилинган, истеъмолчилар бу манзилга ўзларининг электрон мурожаатларини йўллашлари мумкин. Истеъмолчилар билан сутка давомида мунтазам алоқани йўлга қўйиш, уларнинг мурожаатларини қабул қилиб бориш мақсадида телеграм ижтимоий тармоғида PotrbitelUz_bot боти ишлаб турибди.

Шунинг билан биргаликда истеъмолчилар билан доимий алоқани таъминлаш, уларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериш мақсадида ҳудудий бирлашма ва туман (шаҳар) жамиятларида «Хизмат телефон»ларининг доимий ишлаб туриши таъминланиб, назорати олиб борилмоқда.

2016-2020 йиллар ва 2021 йилнинг ўтган 9 ойи давомида ҳудудий бирлашма ва туман (шаҳар) жамиятларига 4974 та мурожаатлар келиб тушди. Уларни ўрганиб чиқилиши якунлари билан истеъмолчилар фойдасига жами 3 млрд 631 млн 700 минг сўм маблағлар қайта ҳисоб-китоб қилиб берилди. Шулардан 101 та мурожаатда кўтарилган масалалар назорат қилувчи органлар, 30 тасида кўтарилган масалалар эса суд идоралари ёрдамида ҳал қилинди. Натижада мос равишда 77,2 млн сўм ва 285,8 млн сўмлик маблағлар мазкур идоралар амалий кўмаги билан истеъмолчилар фойдасига ҳал қилинди. Жами келиб тушган мурожаатларнинг 3009 таси ёзма, 1742 таси оғзаки ва 223 таси электрон шаклдаги мурожаатлардан иборат бўлди.

Федерация тизимида ташкил қилинган “Истеъмолчи билан мулоқот” ҳуқуқий маслаҳатхоналари орқали 3280 нафар фуқароларга бепул ҳуқуқий маслаҳат ва амалий ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатилди. 4209 нафар фуқароларга эса Федерация тизимида ташкил қилинган раҳбарларнинг аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотлари воситасида амалий ёрдамлар берилди.

Ички бозорда сотилаётган истеъмол товарларининг зарур сифатини ва хавфсизлигини, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бошқа талабларини таъминлаш бўйича Федерациянинг алоҳида буйруқлари ва ҳудудий бирлашма ташаббуси билан жамоатчилик назорати тартибида жамоатчилик мониторинги, жамоатчилик муҳокамаси, жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича тадбирлар ўтказиб борилди. Ҳозирда бу ишлар тизимли асосда давом эттириб борилмоқда.

Кун тартибидаги яна бир масала — Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг янги таҳрирдаги Устави лойиҳаси муҳокамасида Конференция иштирокчилари лойиҳа бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини ва таклифларини билдириб ўтдилар.

Шунингдек Конференция доирасида вилоят ҳудудий бирлашма Кенгаши таркибий миқдорини тасдиқланди ва ҳудудий бирлашма раҳбар органларини сайлаб олинди, ҳудудий бирлашманинг фаолиятини 2022-2026 йилларга мўлжалланган ривожлантириш Концепцияси тасдиқланди ҳамда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг навбатдаги Конференциясига вакиллар сайлаб олинди.

Ҳудудий бирлашма Ахборот хизмати