Ўз ҳуқуқларимизни ўрнида талаб қилишдан ийманмайлик
Қўқон шаҳар Шалдирамоқ кўчасида яшовчи фуқаро Зябова Надежда Николаевна шаҳардаги Янги бозор ҳудудидан Артел русумли бир неча маиший техника буюмлари (телевизор, совутгич, кир ювиш машинаси)ни сотиб олган. Зийрак истеъмолчи олди-сотди амалга оширилиши жараёнида сотувчидан маиший техника буюмларини лозим даражада ишлаётганлигига ишонч ҳосил қилиши учун уларни электр тармоғига улаб, ишлатиб кўрсатишини сўрайди. Бироқ сотувчи товарларни талаб даражасида ишлашини қайта-қайта таъкидлаб, турли баҳоналар билан уларни электр тармоғига улаб ишлатиб кўрсатишни ҳоҳламаган.
Истеъмолчи эса товарларни уйига олиб кетган. Лекин уйга келиб электр тармоғига уланган телевизорнинг экрани яроқсиз ҳолатда эканлиги маьлум бўлган. Истеъмолчи ушбу ҳолат бўйича Бозор маьмуриятига келиб учрашиб, ҳудудларида фаолият кўрсатаётган сотувчи томонидан унга нуқсонли товар сотилганлигини билдиради. Сотувчи эса товарнинг нуқсонли эканлигини тан олишни ҳоҳламайди.
Шундан сўнг истеъмолчи Н.Зябова шаҳар Истеьмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилган.
Истеъмолчининг мурожаати мутахассислар томонидан ўрганиш жараёнида сотувчига Ўзбекистон Республикасининг «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуни тегишли моддалари бўйича тушунтиришлар берилди. Тушунтиришлар кор қилиб, сотувчи истеъмолчига сотилган нуқсонли телевизорни мақбул сифатлисига алмаштириб берди.
Ўзбекистон Республикасининг «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуни 8-моддаси бешинчи қисмига асосан, истеъмолчи сотиб олинган товар (иш, хизмат) сифатини, бутлигини, вазни ва нархини текшириш ҳуқуқига эга, сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) эса, назорат-ўлчов асбобларини, нархга доир ҳужжатларни тақдим этиши, товарни ишлатиб кўрсатиши, ундан хавфсиз ва тўғри фойдаланишни ўргатиши, зарурат бўлса, товарни экспертизага юбориши шарт. Агар юқоридаги ҳолатда истеъмолчи ўзининг қонуний ҳуқуқларидан келиб чиқиб, олди-сотдини амалга ошириш жараёнида телевизорни электр тармоғига уланиши ва лозим даражада ишлашини текшириб олишини талаб қилиб туриб олганда, албатта, кейинги оворагарчиликларни олди олинган бўлар эди.
Шу ўринда истеъмолчиларга эслатиб ўтамиз. Ҳуқуқларингизни ўз ўрнида талаб қилишга ийманманг. Истеъмолчи ҳуқуқлари қонун билан кафолатланганлигини унутманг!
Асроржон Маматкулов
Қўқон шАҳар ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
(юқорида иллюстратив фото)
Отправить комментарий