Музлатгичда кафолат муддати ичида нуқсон чиқди

Қўқон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида Данғара туманида яшовчи Х.Мамажоновнинг сотиб олинган музлатгичда нуқсон кузатилгач, уни бепул таъмирлатиш масаласида муаммо чиқаётганлиги ҳолати юзасидан қилган мурожаати ўрганилди.

Мурожаатчига кўра, «Volmer» русумли музлатгич Қўқон шаҳар «Саноат буюмлари» бозоридан сотиб олинган ҳамда унда кафолат муддати ичида нуқсон кузатилган. Истеъмолчи сотувчига бу ҳақда мурожаат қилиб ўз эътирозларини билдирганида, сотувчи унга ушбу маркадаги музлатгичларга хизмат кўрсатувчи устанинг белефон рақамини беради. Лекин негадир уста ва истеъмолчи ўртасида музлатгични таъмирлатиш масаласида келишувга эришилмайди. Шундан сўнг истеъмолчи Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ягона ишонч телефонига мурожаат қилади.

Истеъмолчи мурожаатини ўрганиш давомида музлатгичга сервис хизматларини кўрсатувчи корхона масъули билан боғланилиб, унга амалдаги қонунчилик талаблари тушунтирилди. Музлатгични усталар томонидан кўрикдан ўтказилганда эса унинг мотор қисмида нуқсон мавжудлиги аниқланди. Сервис корхонасидагилар ишлаб чиқарувчи корхона билан боғланиб буюртма бериш воситасида эҳтиёт қисмларини келтириб, истеъмолчининг музлатгичидаги нуқсон бартараф этилди.

Алишер Рахимов
Қўқон шаҳар жамияти мутахассиси