Ноутбукда кафолат муддати ичида нуқсон чиқди

Ўзбекистон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан туманнинг Тагоб маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи И.Х. дан келиб тушган мурожаат ўрганилди. Мурожаат муддатли тўлов асосида сотиб олинган ноутбукда чиққан нуқсон ҳамда нуқсонли товарни шунга масъул ташкилот томонидан таъмирлаб, соз ҳолатга келтириб бериш ишлари пайсалга солинаётгани ҳақида.

Маълум бўлишича, “Lenovo” русумли ноутбук Қўқон шаҳрида жойлашган савдо дўконларининг биридан муддатли тўлов шартларида, 7800000 (етти миллион саккиз юз минг) сўмга харид қилинган. Лекин орадан муайян вақт ўтгач ноутбукда нуқсонлари кузатилиб, у яхши ишламай қолади. Истеъмолчи бу ҳақда сотувчига мурожаат қилиб, товардаги кафолат муддати ичида юзага келган нуқсонларни бепул бартараф этиб берилишини сўраган. Сотувчи томонидан нуқсонли товар олиб қолинган, лекин эҳтиёт қисмлар етиб келмаётганлиги важи билан уни тез муддатларда таъмирлаб, соз ҳолатга келтириб бериш ишлари чўзилиб кетган.

Мурожаатни ўрганиш жараёнида сотувчига Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун тегишли моддалари бўйича истеъмолчининг ҳуқуқлари, сотувчининг мажбуриятлари юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди. Натижада товардаги нуқсонларни тез муддатларда бартараф этиб берилишига эришилди.

Мурожаати тез муддатларда ўрганиб чиқилиши ва ижобий ҳал этиб берилишидан хурсанд бўлган истеъмолчи туман жамияти номига ёзган миннатдорчилик хатида ноутбукни соз ҳолатга келтириб берилганлигини маълум қилди.

Музаффар Жураев

Ўзбекистон туман жамияти раиси