Электрон савдо қулай, лекин ҳали муаммолар ҳам талай

Электрон савдо қулай, лекин ҳали муаммолар ҳам талай

Бугунги кунда интернет тармоғи орқали товарлар сотиш ва сотиб олиш соҳаси кенг ривожланиб бормоқда. Одамлар уйида ўтириб, дунёнинг бир бурчагидаги товарга буюртма бермоқда, электрон тўлов амалга оширилгач, товарнинг ўзи унинг эшигини қоқиб кириб келмоқда. Албатта, бу истеъмолчилар учун жуда катта имконият ва қулайлик. Бироқ товарда нуқсон бўлсачи? Унда нима қилиш керак?

Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли туманилик Г.Ўрозметов ҳам мазкур имкониятдан фойдаланиб товар сотиб олган истеъмолчилардан. У интернет тармоғига кириб Фарғона шаҳридаги савдо дўконларидан бирида ўзига зарур бўлган мини кондиционер сотилаётганлиги, уни республика ичида етказиб бериш имкониятлари билан танишиб чиққач, 350 000 сўмлик мини кондиционерга буюртма берган. Товар почта алоқа тармоғи орқали истеъмолчига етказилган, пули ҳам шу усулда тўланган. Бироқ орадан бир кун ҳам ўтмай кондиционер ишламай қолган. Бундан таажубланган истеъмолчи савдо дўкони масъулларига телефон орқали боғланган ва ҳолатни тушунтирган. Лекин ўзининг қонуний талаблари инобатга олинмаётганлигини кўрган истеъмолчи Федерациянинг 1091 қиссқа рақамли ягона ишонч телефонига мурожаат қилган.

Федерациянинг Фарғона шаҳар жамияти ходимлари томонидан истеъмолчининг мурожаатида кўрсатилган ҳолатлар ўрганиб чиқилди, истеъмолчи томонидан кўрсатилган важларнинг асослиги маълум бўлди. Дўкон масъул ходими Д.Толиповага амалдаги қонунчилик юзасидан берилган тушунтиришлар кор қилиб, истеъмолчи Г.Ўрозметовнинг нуқсонли товар учун тўлаган пулини тўлиқ қайтарилишига эришилди.

Истеъмолчи телеграмм мессенжери орқали Фарғона шаҳар жамиятига юборган миннатдорчилик хатида ўрганиш ишларидан қониқиш ҳосил қилганлигини маълум қилди.

Бехзод Усмонов

ЎИҲҲҚЖФ Фарғона шаҳар жамияти мутахассиси

Отправить комментарий