Тўловларни амалга ошириш жараёнида ҳушёрликни унутманг

Бағдод туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида «Гулистон» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи К.Ю.нинг истеъмол қилинган электр энергияси учун қилган тўлови корхонадаги шахсий ҳисоб рақамига келиб тушмаганлиги масаласидаги мурожаати ўрганилди.

Истеъмолчи мурожаатида хонадонида эски русумдаги электр ҳисоблагичдан фойдаланишлари сабабли, энергиядан олдиндан тўлов тизимида эмас, балки эски тизимда, яъни тўловни энергия истеъмолидан сўнг, ҳисоблагич кўрсаткичлари бўйича амалга ошириб борилишини, хонадонига ташриф буюрган электр таъминоти корхонаси ходими хонадоннинг 500 000 сўм миқдорида қарздорлиги мавжудлигини айтганида, пул суммасини унинг номидан кассага тўланиб, маблағни шахсий ҳисоб рақамига тушириб қўйилиши шарти билан корхона масъул ходимига берганлигини, лекин ушбу суммани шахсий ҳисоб рақамига келиб тушганлигидан хабари йўқлигини маълум қилади.

Гарчи ўрганиш ишлари давомида истеъмолчи томонидан берилган пул суммаси ундан олинган куни эмас, балки база ишламаганлиги сабаби билан кейинроқ тегишли ҳисоб рақамига тушириб қўйилган, ўрганиш якунлари билан истеъмолчига унинг томонидан бериб юборилган пул маблағи тўлиғича тегишли ҳисоб рақамига келиб тушганлиги тўғрисида расмий жавоб хати берилган бўлсада, истеъмолчилардан ҳар қандай тўловларни амалга оширишда ёки тўловни амалга ошириб қўйиш топшириғи билан ўзга шахснинг қўлига беришда эҳтиёткорлик чораларини унутмасликни, энг яхшиси, истеъмол қилинган электр, газ, сув таъминоти ва бошқа шу каби тўловларни банк кассаларига, махсус кассаларга ёки электрон тўлов дастурлари орқали амалга оширишни тавсия қилиб қоламиз.

Дилором Мирзаева,
туман жамияти мутахассиси.