Ҳуқуқларингизни биласизми?

“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун (қуйида “қонун” деб юритилади) бўйича зарурий билимларни эгаллаймиз.

Истеъмолчи ким?

(қонуннинг 1-моддасидан):

Истеъмолчи — фойда чиқариб олиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда шахсий истеъмол ёки бошқа мақсадларда товар сотиб олувчи, иш, хизматга буюртма берувчи ёхуд шу ниятда бўлган фуқаро (жисмоний шахс).

Истеъмолчининг асосий ҳуқуқлари нималардан иборат?

(қонуннинг 4-моддасидан):

Истеъмолчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

товар (иш, хизмат) ҳақида, шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш;

товар (иш, хизмат)ни эркин танлаш ва унинг тегишли даражада сифатли бўлиши;

товар (иш, хизмат)нинг хавфсиз бўлиши;

ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки учун хавфли нуқсони бўлган товар (иш, хизмат), шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи)нинг ғайриқонуний ҳаракати (ҳаракатсизлиги) туфайли етказилган моддий зиён, маънавий зарарнинг тўлиқ ҳажмда қопланиши;

бузилган ҳуқуқлари ёки қонун билан муҳофаза этиладиган манфаатлари ҳимоя қилинишини сўраб судга, бошқа ваколатли давлат органларига мурожаат этиш;

истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмаларини тузиш.

Ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи)нинг асосий мажбуриятлари нималардан иборат?

(қонуннинг 5-моддасидан):

Ишлаб чиқарувчи ўз корхонасининг номи ва жойлашган (юридик) манзили ҳақида истеъмолчини хабардор қилиши шарт.

Сотувчи (ижрочи) ўз ташкилотининг фирма номи, унинг жойлашган (юридик) манзили ва иш тартибини истеъмолчиларга маълум қилиши шарт.

Сотувчи (ижрочи) истеъмолчига товарлар савдоси, маиший ва бошқа турдаги хизмат кўрсатишнинг қоидалари тўғрисида тўлиқ маълумот бериши шарт.

(қонуннинг 6-моддасидан):

Ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шарт.