Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни ва қонуности меъёрий ҳужжатларини ижросини таъминлаш ишига кенг жамоатчиликни жалб этиш, ички истеъмол бозорида сифати паст, одамлар ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирувчи товарлар сотилишига йўл қўймаслик ҳамда бунинг устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, аҳолининг ҳуқуқий билим ва истеъмол маданиятини оширишга доир ишларни фаоллаштириш ҳамда соҳага оид қонун ҳужжатларини кенг тарғиб қилиш, бу борада Ўзбекистон Республикасининг “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонунлари билан белгилаб берилган ваколатлардан самарали фойдаланиш мақсадида вилоят ёшлари жамоалари ўртасида”Брейн-ринг” интеллектуал ўйини ўтказилди.
Сизнинг эътиборингизга ана шу интеллектуал ўйинда фойдаланилган саволлар (ва уларниг жавоблари) берилмоқда. Сиз ҳам ўзингизни синаб кўринг. Агар ўйин иштирокчиси бўлганингизда саволга тўғри жавоб бера олармидингиз?
Саволлар:
1-савол
Асилбек савдо дўконидан ётоқхона мебели сотиб олди ва уйига олиб келди. Лекин олиб келган мебели уйнинг умумий дизайнига мос тушмагандек, ранглар ҳам уй ичидаги бошқа нарсалар билан уйғунмасдек туюлди унга. Айтингчи, у шу мебелларни савдо дўконидан бошқасига алмаштириб олиши мумкинми? Жавоб ҳа бўлса, нега, йўқ бўлса ҳам, нега?
2-савол
Салоҳиддин бир йиллик кафолат муддати билан сотиб олинган телевизор бузилиб қолгач, уни сервис марказига бепул таъмирлаш учун топширди. Марказда телевизорни 15 кун ичида таъмирлаб беришларини айтишди. Айтингчи, Салоҳиддин ушбу ҳолатда телевизорни таъмирлаб берганларига қадар, сервис марказидан битта худди шундай маркали телевизорни уйда кўриб туриш учун беришларини талаб қилиш ҳуқуқига эгами? Жавоб ҳа бўлса, нега, йўқ бўлса ҳам, нега йўқ?
3-савол
“Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”нинг 3-иловасида товарларнинг олиб кирилишини ва божхона божлари амалда тўланганлигини тасдиқлайдиган божхона декларацияси расмийлаштирилган санадан бошлаб 12 ой ўтгандан кейин сотувга қўйилишига ва чакана савдода сотилишига йўл қўйилмайдиган тайёр импорт истеъмол товарлари рўйхати тасдиқланган. Айтингчи, сотувчилар ушбу рўйхатга киритилган, лекин мамлакатимизга олиб кирилганлигига 12 ойдан ўтган мазкур товарларни нархини арзонлаштириб, турли “акция”, “распродажа”лар орқали сотишлари мумкинми?
4-савол
Холмат бобо супермаркетдан 3 йиллик кафолат муддати билан музлатгич сотиб олгач, уни 1 йилдан ортиқроқ ишлатди. Лекин музлатгичда нуқсон кузатилиб, ишламай қолди. У супермаркетга борса, биздан сотиб олганингизни тасдиқлайдиган чекни кўрсатинг, бўлмаса Сиз билан ади-бади айтишиб ўтиришга вақтимиз йўқ, қабилида жавоб олди. Чекни эса қаерга қўйгани эсидаям йўқ. Айтингчи, у энди кафолат муддати ичида нуқсони борлиги маълум бўлган музлатгични алмаштириб ола олмайдими, сотувчилар унга рад жавоби беришга ҳақлимилар?
5-савол
Шафоат опа сотиб олган кир ювиш машинаси бир ой ўтмай бузилиб қолиб, у сотувчига ушбу нуқсонли товарни алмаштириб бериш талаби билан мурожаат қилди. Сотувчи опага айни шундай маркали кир ювиш машинаси сотувда тугаб қолганлигини, узоғи билан 22 кунда янги товарлар партияси етиб келишини, шунда ўша куниёқ алмаштириб беришини айтди. Шафоат опа қонунда 7 кун ичида алмаштириб берсин деб ёзиб қўйган, деб туриб олди. Айтингчи ушбу ҳолатда улардан қайси бири ҳақ?
6-савол
Адхамжон дадаси олиб келиб берган электрон ўйинчоқни мазза қилиб ўйнаб юрганди, қарангки 10 кундан сўнг ўйинчоқда нуқсон кузатилиб, у ишламай қолди. У дадасига яхшисига алмаштириб беринг, деб хархаша қилди. Шунда дадасини эсига сотувчининг бу ўйинчоққа кафолат муддати белгиланмаган, шунинг учун майли сиз учун кафолат муддати беш кун дегани тушиб, унинг ҳам кайфияти бузилди. Энди у нима қилсин?
7-савол
Каромат момо шанба куни савдо дўконидан сотиб олган қаймоқни музлатгичга жойладию, душанбагача эсига келмади. Душанба куни истеъмол қилмоқчи бўлиб, идишини очса айниганроқ чиқди. Шу куни дўконга чиқиб, алмаштириб берасан деб туриб олди. Лекин сотувчи “Момо нега ўша куни ёки кеча чиқмадингиз”, деб алмаштириб бермади. Айтингчи, бу ерда улардан қайси бири ҳақ?
8-савол
“Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”нинг 1-иловасида дори дармонлар зарур сифатдаги, қайтариб олинмайдиган ёки шунга ўхшаш товарга алмаштирилмайдиган ноозиқ-овқат товарлари рўйхатига киритилган. Шифокор ёзиб берган рецепт бўйича дори-дармонларни уйига келтирган Бобурбек уларни кўздан кечираётиб, импорт парацетамол дори воситасининг муддати ўтганига 5 кун бўлганига кўзи тушиб қолди. Эртасига у дорихонага борганида сотувчининг шундоқ ёнгинасида Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида сотилган дори-дармонлар қайтариб олинмайди, деган ёзувниям кўргач, қайтиб кетаверсаммикан деб ўйланиб қолди. Айтингчи у нима қилсин?
9-савол
Ҳалимахон машҳур фирмалардан бирининг телефон аппаратини 1 млн 200 минг сўмга сотиб олаётганда сотувчи “Сингилжон, телефонга бир йил кафолат белгиланган, бирор нарса бўлса ўзимга келаверасиз, мана биз кафил”, деб кўнглини тўқ қилганди. Лекин қарангки, олти ой ишлаб-ишламай телефон ўз-ўзидан ишламай қоладиган одат чиқарди. Ваъдага вафо деганларидек, у сотувчининг олдига бориб ўз эътирозларини билдирди. Сотувчи ҳам хушмуомилагина инсон экан, синглим ҳеч ҳафа бўлманг, майли алмаштириб бераман, лекин ўзингиз биласиз яқинда бу телефонларни нархи дунё бўйича ошди. Энди 1 млн 500 сўмдан сотилаяпти, майли Сизга 1 млн 400 сўмдан тўғрилаб, орадаги 200 минг сўм фарқни тўлаб берсангиз ҳозироқ алмаштириб бераман, деди. Айтинг у нима қилсин? Бирор нарса деяйин деса, ҳақиқатда нархлар ошган.
10-савол
Карима холанинг музлатгичи бузилиб қолгач, у сервис марказига телефон қилиб ҳолатни тушунтирди. У ердагилар олиб келинг, кафолат муддати ичида бузилибди, бепул таъмирлаб берамиз, дейишди. У турмуш ўртоғига бу ҳақда айтгач, юк ташишга мўлжалланган автомашина чақириб келди. Икки кишилашиб музлатгични юк машинасига юклашди. Шофер музлатгични элтиб бериш учун 10 минг сўм пул сўради, Турғунбой ака берадиган бўлди. Сервис марказига келгач Турғунбой ака марказдагиларга йўл ҳақини сизлар тўлайсизлар, деб туриб олди, шофёр ҳайрон анграйганча Турғунбой акага термулиб қолди. Айтингчи, нега Турғунбой ака йўл ҳақини уларга тўлатмоқчи?
11-савол
Савдо дўконида атлас сотишаётган эди. Шарифжон ҳам онаси учун 10 метр ўлчатиб сотиб олди. Уйига олиб келгач, онаси совғадан хурсанд бўлди. “Онажон шуни тиктириб киясизда энди”, деганди, онаси “Болам сал ёшимизга мос эмас экан, майли синглинга берармиз”, деди. Шарифжон эса шошманг, эртага алмаштириб келаман деди. Айтингчи, у қўлидаги материални сотувчидан алмаштириб олишга ҳақлими?
12-савол
Шу кунларда Салима хола каттагина савдо дўконида сотувда турган кондиционерни кўриб, унинг хоссалари билан яқиндан танишиб чиқди. Унга товар маъқул келди. Товар бир ярим йилгина олдин Кореядан келтирилган, машҳур фирма томонидан ишлаб чиқарилган экан. Лекин кондиционер ҳақида сотувчидан сўраб суриштириш давомида у ушбу товарни сотиб олмасликка қарор қилди. Айтингчи Салима холани сергаклантирган нарса нима эди?
Жавоблар:
1-савол жавоби
Қонуннинг 18-моддасига кўра, истеъмолчи мақбул сифатли ноозиқ-овқат товарини харид қилган кунидан эътиборан ўн кун ичида ушбу товар сотиб олинган жойдаги сотувчидан уни айни шундай товарга алмаштириб олишга бундай товар сотувда бўлмаса, пулини қайтариб олишга ҳақли. Алмаштириб олиш тартиби ва алмаштириб берилмайдиган товарлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати тасдиқлайдиган қоидалар билан белгиланади. Шу асосларда мебеллар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”нинг 1-иловасига кўра, зарур сифатдаги, қайтариб олинмайдиган ёки шунга ўхшаш товарга алмаштирилмайдиган ноозиқ-овқат товарлари рўйхатига киритилган. Асилбек ушбу ҳолатда мебелларни бошқасига алмаштириб ололмайди.
2-савол жавоби
Қонуннинг 15-моддасига кўра, узоқ муддат давомида фойдаланиладиган товарни таъмирлашга кетадиган вақтда фойдаланиб туриш учун истеъмолчининг талабига биноан нуқсонли товар қайтариб берилганидан кейин уч кун ичида унга айни шундай маркали (моделли, артикулли) товар бериб турилади (сотувчининг ҳисобидан унинг ўзи ёки вакили элтиб беради). Шунингдек, телевизорлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”нинг 2-иловасига, яъни харидорнинг таъмирлаш даврида унга текин бериб туриш ёки худди шундай марка (модель, артикул)даги товарни алмаштириш тўғрисидаги талаби татбиқ этилмайдиган узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар рўйхатига киритилмаган. Шу сабабдан сервис марказидагилар томонидан Салоҳиддиннинг талабига кўра, айни шундай маркали телевизор бериб турилади.
3-савол жавоби
Йўқ, қарор иловасининг номидан ҳам кўриниб турибдики, ушбу муддат ўтгандан кейин сотувга қўйилишига ва чакана савдода сотилишига йўл қўйилмайдиган импорт товарлар дейилмоқда. Агар сотувчилар мазкур товарларни муддати ўтиб кетиб сота олмай қолишларига кўзлари етса, ушбу муддат етиб келадиган кунга қадар турли “акция” ва “распродажа”ларни ўтказишлари мумкин. Муддат етиб келгач эса савдодан олишлари шарт.
4-савол жавоби
Қонуннинг 13-моддасига кўра, истеъмолчининг талаблари у касса ёки товар чекини, кафолат муддати белгиланган товарлар бўйича эса, тегишлича расмийлаштирилган техник паспорт ёки унинг ўрнини босувчи бошқа ҳужжатни тақдим этган тақдирда кўриб чиқилади. Холмат бобони қўлида чеки бўлмасада, музлатгичнинг кафолат талони борку ва у музлатгични сотиб олаётганида сотувчи томонидан тўлдириб берилган. Демак, ушбу ҳолатда сотувчилар унга рад жавоби бера олмайдилар.
5-савол жавоби
Қонуннинг 14-моддасига кўра, нуқсонли товарни алмаштиришда айни шундай маркали (моделли, артикулли) товар бўлмаган тақдирда, истеъмолчининг алмаштириб бериш хусусидаги талаби даъво қилинган пайтдан эътиборан бир ой ичида қондирилиши керак. Демак, бу ерда сотувчи ҳақ бўлиб, Шафоат опа сотувчининг 22 кун ичида ҳал қилиб бераман, деган ваъдасига қаноатланишига тўғри келади.
6-савол жавоби
Қонуннинг 13-моддасида нуқсонли товар сотилганда истеъмолчининг ҳуқуқлари кўрсатиб ўтилган бўлиб, унга истеъмолчи кафолат муддати ва яроқлилик муддати белгиланмаган товарлар бўйича олти ой мобайнида ўз эътирозларини билдириши мумкинлиги белгилаб қўйилган. Демак Адхамжонни дадаси бемалол сотувчига ўз эътирозларини билдирса бўлаверади.
7-савол жавоби
“Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”нинг 29-бандига асосан, ўзига зарур сифатга эга бўлмаган озиқ-овқат товари сотилган харидор, агар нуқсонлар сотувчи томонидан айтилмаган бўлса, 24 соат мобайнида товарни алмаштириб олиш, пулини қайтариб олиш каби ҳуқуқларга эга бўлади. Бу муддат ўтгандан сўнг эса у мазкур ҳуқуқини йўқотади. Каромат момо эса савдо дўконига 24 соат ўтиб кетгандан сўнг мурожаат қилаяпти, бу ерда сотувчи ҳақ.
8-савол жавоби
Ҳақиқатан ҳам, “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”нинг 1-иловасида дори-дармонлар зарур сифатдаги, қайтариб олинмайдиган ёки шунга ўхшаш товарга алмаштирилмайдиган ноозиқ-овқат товарлари рўйхатига киритилган. Лекин эътибор берилса бу ерда зарур сифатдаги дейилаяпти, Бобурбек сотиб олган парацетамолни эса муддати ўтган, яъни у зарур сифатдаги деган талабга жавоб бермайди. Шу сабабдан ҳам у бемалол парацетамолни зарур сифатдагисига алмаштирилишини ёки пули қайтарилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
9-савол жавоби
Қонуннинг 17-моддасига кўра, нуқсонли товар айни шундай маркали (моделли, артикулли) товарга алмаштириб берилган вақтда товарнинг нархи ўзгарган бўлса, қайта ҳисоб-китоб қилинмайди. Демак, нархларнинг ошганлиги Ҳалимахоннинг қўлидаги телефонга нисбатан тадбиқ қилинмайди. У бемалол нуқсонли телефонни худди шундай маркалисига бепул алмаштириб олиш ҳуқуқига эга.
10-савол жавоби
Ҳажми катта ёки вазни беш килограммдан зиёд товарни таъмирлаш, нархини тушириш, алмаштириш учун элтиш ва истеъмолчига қайтариб келтириб бериш сотувчининг (ишлаб чиқарувчининг) кучи билан ва унинг ҳисобидан амалга оширилади. Ушбу мажбурият бажарилмаган тақдирда товарни элтиш ва қайтариб олиб келиш истеъмолчи томонидан амалга оширилиши мумкин. Бунда истеъмолчининг товарни элтиш ва қайтариб олиб кетиш билан боғлиқ харажатларини сотувчи (ишлаб чиқарувчи) қоплаши шарт.
11-савол жавоби
“Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”нинг 1-иловасида зарур сифатдаги, қайтариб олинмайдиган ёки шунга ўхшаш товарга алмаштирилмайдиган ноозиқ-овқат товарлари рўйхатига тасдиқланган бўлиб, метрлаб сотиладиган товарлар мазкур рўйхатга киритилган ва харид қилингандан сўнг, зарур сифатда, истеъмолда бўлмаса ҳам алмаштирилмайди. Демак, Шарифжон умумий газламадан 10 метр ўлчамда қилиб кестириб олгани сабабидан товарни алмаштириб ололмайди.
12-савол жавоби
Қонуннинг 9-моддасида олди-сотди шартномаларининг айрим турлари тўғрисидаги қоидалар, шунингдек, айрим турдаги товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш қоидалари Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан тасдиқланади, дейилган. Шу асосларда “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари” тасдиқланган. Қоидаларнинг 3-иловасида, товарларнинг олиб кирилишини ва божхона божлари амалда тўланганлигини тасдиқлайдиган божхона декларацияси расмийлаштирилган санадан бошлаб 12 ой ўтгандан кейин сотувга қўйилишига ва чакана савдода сотилишига йўл қўйилмайдиган тайёр импорт истеъмол товарлари рўйхати тасдиқланган. Рўйхатга импорт кондиционерлар ҳам киритилган. Юқоридагилардан маълум бўлаяптики, кондиционерни Ўзбекистонга кириб келганига 12 ойдан ортиқ вақт бўлаяпти. Салима холани сергаклантирган нарса шу.