ЧИҚИНДИЛАРНИ ОЛИБ ЧИҚИШ ГРАФИГИ БЎЙИЧА ТУШУНТИРИШ БЕРИЛДИ

ЧИҚИНДИЛАРНИ ОЛИБ ЧИҚИШ ГРАФИГИ БЎЙИЧА ТУШУНТИРИШ БЕРИЛДИ

Коммунал хизматлар сифатли ва белгиланган тартибда кўрсатилиши истеъмолчиларнинг муҳим ҳуқуқларидан биридир. Айниқса, маиший чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиб кетиш нафақат аҳоли учун қулайлик, балки ҳудуднинг санитария ҳолатини сақлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Ёзёвон тумани Гулистон маҳалласида яшовчи фуқаро ҳам айнан шу масала юзасидан туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилди. Унинг билдиришича, хонадондан маиший чиқиндилар белгиланган график асосида олиб чиқиб кетилмаётгани сабабли чиқиндилар тўпланиб қолган.

Мурожаатни ўрганиш мақсадида жамият томонидан хизмат кўрсатувчи «VODIY MAXSUS SANITAR TRANS» МЧЖга расмий сўров юборилиб, ҳолатга ойдинлик киритиш сўралди.

Хизмат кўрсатувчи ташкилот вакили ҳамда туман филиали ходимлари мурожаатчи билан биргаликда хонадонга бориб, вазиятни ўрганишди. Суҳбат давомида чиқиндиларни олиб чиқиш графиги бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан маълумотлар тақдим этилди.

Ташкилотнинг тушунтиришича, чиқиндиларни олиб чиқиш куни ҳайдовчи фуқаро билан телефон орқали боғланган, бироқ чиқиндилар хонадон олдига олиб чиқиб қўйилмагани сабабли уларни олиб кетиш амалга ошмаган. Шунингдек, атрофдаги қўшнилар билан ҳам суҳбат ўтказилиб, ҳолат юзасидан тушунтиришлар олинган.

Ўрганиш жараёнида аҳолига чиқиндиларни олиб чиқиш графиги ҳар ҳафтанинг чоршанба ва пайшанба кунларига белгилангани, бошқа кунларда эса чиқиндиларни кўчага чиқариб қўймаслик лозимлиги тушунтирилди.

Шундан сўнг хизмат кўрсатувчи ташкилот томонидан белгиланган график асосида хизмат кўрсатилиши ҳақида қўшимча маълумот берилди. Мурожаат бўйича ўрганиш натижалари фуқарога ҳам расмий жавоб хати орқали етказилди.

Ушбу ҳолат маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматида аниқ график ва ўзаро келишилган тартибга амал қилиш муҳимлигини кўрсатади.

Хизмат кўрсатувчи ташкилот чиқиндиларни белгиланган кун ва тартибда олиб чиқиб кетишни таъминлаши, истеъмолчи эса чиқиндиларни олиб чиқиш вақти ва жойи бўйича белгиланган талабларга риоя қилиши лозим.

Агар хизмат ўз вақтида кўрсатилмаса ёки белгиланган график бузилса, истеъмолчи хизмат кўрсатувчи ташкилотга, шунингдек, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларига мурожаат қилиши мумкин.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin