Товар нуқсонларини бепул бартараф этиш тартиби
Бугунги кунда бозорларда ва интернет дўконларида турли хил маҳсулотлар сотилмоқда. Ҳар бир харидор сифатли ва узоқ муддат хизмат қиладиган товар харид қилишни истайди. Аммо баъзи ҳолларда харид қилинган маҳсулотда нуқсон ёки камчиликлар учраб қолади. Бундай вазиятда истеъмолчи ўз ҳуқуқларини билиши жуда муҳим ҳисобланади. Чунки қонунчиликка кўра, харидор сифатсиз ёки нуқсонли товар учун ҳимояга эга бўлади.
Товар нуқсонларини бепул бартараф этиш тартиби айнан истеъмолчиларнинг манфаатини ҳимоя қилишга хизмат қилади. Товар нуқсони деганда маҳсулотнинг ишлаб чиқариш жараёнидаги хато, техник камчилик, ташқи шикаст ёки фойдаланиш учун ноқулай ҳолатлари тушунилади. Масалан, янги сотиб олинган телефоннинг ишламаслиги, маиший техника тез бузилиши ёки кийимнинг тикув жойлари йиртилиб кетиши нуқсон ҳисобланади. Агар бу камчилик харидор айби билан эмас, ишлаб чиқарувчи ёки сотувчи сабабли юзага келган бўлса, истеъмолчи бепул таъмирлашни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Одатда харидор маҳсулотни сотиб олаётганда унга кафолат муддати берилади. Шу кафолат даврида маҳсулотда нуқсон аниқланса, сотувчи ёки ишлаб чиқарувчи уни бепул таъмирлаб бериши керак бўлади. Айрим ҳолларда маҳсулотни янгисига алмаштириш ёки пулини қайтариш ҳам мумкин. Бунинг учун харидор чек, кафолат талони ёки харидни тасдиқловчи бошқа ҳужжатни сақлаб қўйиши лозим. Чунки бу ҳужжатлар маҳсулот қачон ва қаердан олинганини исботлаб беради.
Нуқсон аниқланганда истеъмолчи аввало сотувчига мурожаат қилади. Сотувчи маҳсулотни кўриб чиқади ва нуқсон сабабини аниқлайди. Агар камчилик ишлаб чиқарувчи айби билан юзага келган бўлса, товар бепул таъмирланади. Таъмирлаш муддати одатда қонунчиликда белгиланган вақт ичида амалга оширилади. Жуда узоқ вақт чўзилиши истеъмолчи ҳуқуқининг бузилиши ҳисобланади.
Баъзан сотувчилар маҳсулотни бепул таъмирлашдан бош тортиши мумкин. Бундай ҳолатда истеъмолчи истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларга ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Чунки қонун харидор манфаатини ҳимоя қилади. Айниқса, кафолат муддати тугамаган маҳсулотлар учун сотувчи жавобгарликни ўз зиммасига олади.
Ҳозирги даврда интернет орқали савдо кенг ривожлангани сабабли онлайн харидларда ҳам шу тартиб амал қилади. Агар интернет дўкон орқали олинган маҳсулот нуқсонли чиқса, харидор сотувчи билан боғланиб, маҳсулотни қайтариш ёки бепул таъмирлашни талаб қилиши мумкин. Бу жараёнда ёзишмалар, тўлов ҳақидаги маълумотлар ва етказиб бериш ҳужжатлари муҳим аҳамиятга эга бўлади.
Товар нуқсонларини бепул бартараф этиш тартиби истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда катта аҳамиятга эга. Бу тартиб сотувчиларни масъулиятли ишлашга ундайди ва бозорда сифатли маҳсулотлар кўпайишига ёрдам беради. Харидор эса ўз ҳуқуқларини билса, сифатсиз маҳсулот туфайли зарар кўрмайди. Шу сабабли ҳар бир инсон маҳсулот харид қилаётганда кафолат ҳужжатларига эътибор бериши ва истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқларини яхши билиши керак.
Мавжуда Одилжонова,
Фарғона давлат университети
Филология факультети 3-босқич талабаси.



Post Comment