Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар ҳолидан хабар олинмоқда

Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар ҳолидан хабар олинмоқда

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси томонидан қабул қилинган “Жамоатчилик назорати тартибида мониторинг ўтказиш тўғрисида”ги буйруқ асосида республика бўйлаб кенг қамровли ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур буйруққа мувофиқ, жисмоний, ақлий, сенсор ёки руҳий нуқсонлари бўлган, шунингдек, узоқ вақт даволанишга муҳтож болаларнинг уйда якка тартибда таълим олиши учун яратилган шарт-шароитлар жамоатчилик назорати тартибида ўрганилмоқда.

Хусусан, Федерациянинг Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси томонидан туман ва шаҳарларда ишчи гуруҳлар шакллантирилиб, уйда якка тартибда таълим олаётган ўқувчилар ҳолидан хабар олиш, уларнинг таълим жараёни билан яқиндан танишиш ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан амалий ишлар олиб борилмоқда.
Ўрганишлар жараёнида нафақат ўқувчи боланинг таълим олиши билан боғлиқ шароитлар, балки уларнинг ота-оналари ва хонадон эгаларининг истеъмол соҳасига оид муаммолари ҳам ўрганилмоқда. Энг муҳими, аниқланган масалаларни жойида ҳал қилиш чоралари кўрилаётгани аҳоли томонидан ижобий баҳоланмоқда.

Жумладан, Олтиариқ туманида уйда якка тартибда таълим олаётган Ш.Абдуғаниева ва Р.Абдуғаниеваларнинг тиббий кўрикдан ўтиш билан боғлиқ муаммоси ўрганилиб, мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда уларнинг хонадонларида бепул тиббий кўрик ташкил этилди. Бу эса болаларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш ва улар учун қулай шароит яратиш йўлидаги муҳим амалий қадам бўлди.

Қувасой шаҳрида эса М.Болтабоевнинг уйда якка тартибда таълим олаётган невараси учун зарур ўқув дастгоҳлари билан таъминлаш масаласи юзасидан амалий ёрдам кўрсатилиб, мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда муаммони ҳал этиш чоралари кўрилди.

Данғара туманида истиқомат қилувчи Л.Ойбеков томонидан яшаш ҳудудидан маиший чиқиндилар ўз вақтида олиб кетилмаётганлиги бўйича билдирилган мурожаат ҳам ўрганилиб, тегишли коммунал хизмат ташкилотлари иштирокида муаммони бартараф этиш чоралари кўрилди.

Шунингдек, Бешариқ туманида Л.Бўтаев томонидан кўтарилган тоза ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ масала ҳам масъул ташкилотлар иштирокида жойига чиққан ҳолда ўрганилди ва уни ижобий ҳал этиш бўйича амалий ишлар бошлаб юборилди.

Федерация томонидан амалга оширилаётган бундай жамоатчилик мониторинглари аҳолининг нафақат таълим, балки истеъмол соҳасидаги муаммоларини ҳам аниқлаш ва уларни тезкор ҳал қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, алоҳида эътибор ва ғамхўрликка муҳтож болалар ҳамда уларнинг оилаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган бундай ишлар жамиятда ижтимоий масъулият ва инсонпарварлик тамойиллари мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.

Мазкур мониторинг ишлари якунлари бўйича тегишли давлат ва жамоат ташкилотларига таҳлилий таклифлар киритилиши режалаштирилган.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin