1-июн — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни

1-июн — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни

Ҳурматли юртдошлар, азиз болажонлар!

1-июн — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан барча фарзандларимизни, уларнинг ота-оналари ва устозларини самимий муборакбод этамиз!

Бугунги кунда ҳар бир боланинг бахтли, соғлом ва хавфсиз муҳитда камол топиши жамиятнинг энг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Зеро, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш — келажакни ҳимоя қилиш демакдир. Бу жараёнда болаларнинг нафақат таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимояга оид ҳуқуқлари, балки уларнинг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқлари ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Ҳар бир инсон каби болалар ҳам кундалик ҳаётда турли товар ва хизматларнинг истеъмолчисидир. Шу боис уларда эрта ёшданоқ истеъмолчилик маданиятини шакллантириш, сифатли ва хавфсиз маҳсулотни танлаш, ўз ҳуқуқларини билиш ва ҳимоя қила олиш кўникмаларини ривожлантириш долзарб вазифадир.

Ўзбекистон Республикасининг «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуни фуқароларнинг хавфсиз, сифатли товар ва хизматлардан фойдаланиш, тўлиқ ва ҳаққоний ахборот олиш, зарар етказилганда уни қоплатиш каби ҳуқуқларини кафолатлайди. Ушбу қонунчилик асосларидан болалар ва ёшларнинг хабардор бўлиши уларни турли салбий ҳолатлардан асраш, онгли ва масъулиятли истеъмолчи сифатида тарбиялашда муҳим ўрин тутади.

Дунё миқёсида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган ижтимоий ҳаракатлар ҳам инсон манфаатларини таъминлаш, айниқса ёш авлодни ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга. Халқаро истеъмолчилик ҳаракати бугун нафақат сифат ва хавфсизлик, балки адолатли савдо, экологик масъулият ва рақамли хавфсизлик каби масалаларда ҳам жамоатчилик овозини кучайтирмоқда.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси барча болажонларни ушбу қутлуғ айём билан чин қалбдан табриклайди. Юртимиз фарзандлари доимо соғлом, билимли, ҳуқуқий онги юксак, бахтли ва баркамол инсонлар бўлиб вояга етсин!

Байрамингиз муборак бўлсин!

Post Comment