Сув таъминоти бўйича юзага келган салкам 4 миллион қарздорлик қайта ҳисоб-китоб орқали камайтирилди
Марғилон шаҳрида яшовчи фуқаро Х.Э. ичимлик суви бўйича катта миқдорда ҳисобланган қарздорликдан норози бўлиб, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг Марғилон шаҳар жамиятига мурожаат қилди. Мурожаат асосида олиб борилган ўрганишлар натижасида истеъмолчининг манфаатлари ҳимоя қилиниб, қарздорлик миқдори сезиларли даражада камайтирилди.
Ўрганиш жараёнида хонадонга ўрнатилган сув ҳисоблагич 2018 йилда ишлаб чиқарилган “Novator” русумли ҳисоблагич экани, у носоз ҳолатга келиб қолгани ҳамда давлат стандарт тамғаси ва назорат муҳри мавжуд эмаслиги аниқланди. Шунингдек, ушбу ҳисоблагич сув таъминоти ташкилотининг биллинг базасига киритилмагани маълум бўлди. Ҳужжатларда қайд этилишича, биллинг тизимида эса аввалги — 2016 йилда қайта қиёсловдан ўтказилган бошқа ҳисоблагич маълумотлари сақланиб қолган. Натижада истеъмол қилинган сув ҳажми меъёрий тартибда қайта ҳисобланиб, хонадонга 3 миллион 945 минг 400 сўм қарздорлик ҳисобланган.
Масала юзасидан “Фарғона сув таъминоти” акциядорлик жамияти Марғилон шаҳар филиали ҳамкорлигида қўшимча ўрганиш ишлари олиб борилди. Ўрганишлар давомида хонадонга янги сув ҳисоблагич ўрнатилиб, у расмий биллинг базасига киритилди.
Шундан сўнг истеъмол қилинган сув миқдори амалдаги кўрсаткичлар асосида қайта ҳисоб-китоб қилиниб, аввалги 3 миллион 945 минг 400 сўмлик қарздорлик 1 миллион 479 минг 248 сўмгача туширилди. Шу тариқа, истеъмолчига қарийб 2,5 миллион сўмдан ортиқ қарздорлик асоссиз ҳисоблангани маълум бўлиб, унинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари тикланди.
Мазкур ҳолат коммунал хизматлар соҳасида ҳисоб-китобларни тўғри юритиш, сув ҳисоблагичларини ўз вақтида расмий рўйхатдан ўтказиш ва техник ҳолатини назорат қилиш муҳим аҳамиятга эга эканини яна бир бор кўрсатди. Шунингдек, фуқаролар асоссиз қарздорликлар ёки ноаниқ ҳисоб-китобларга дуч келганда, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун тегишли ташкилотларга мурожаат қилиши самарали натижа бериши мумкинлиги амалда ўз тасдиғини топди.



Post Comment