Сирли мижоз: дорихона ва тиббиёт муассасаларида инклюзив муҳит ҳолати таҳлил қилинди
Рақобат қўмитасининг Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси ҳамда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси вилоят бирлашмаси ҳамкорлигида аҳоли учун яратилаётган хизматлар сифати ва улардан барча фуқароларнинг тенг фойдаланиш имкониятларини таъминлаш мақсадида “Сирли мижоз” усулида ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ўрганишлар давомида вилоят ҳудудидаги қатор дорихона ва тиббиёт муассасаларида ногиронлиги бўлган шахслар учун яратилган инфратузилма, хизматлардан фойдаланиш қулайлиги ҳамда кириш-чиқиш шароитлари таҳлил қилинди.
Хусусан, объектларда ногиронлиги бўлган шахслар учун пандусларнинг мавжудлиги ва техник ҳолати, кириш эшикларининг қулайлиги, ҳаракатланиш учун махсус йўлаклар, ахборот белгиларининг жойлаштирилиши ҳамда хизмат кўрсатиш жараёнида ногиронлиги бўлган шахсларга яратилган шароитлар ўрганилди.
Ўрганиш натижаларига кўра, айрим объектларда ногиронлиги бўлган шахслар учун зарур инфратузилма элементлари мавжуд эмаслиги ёки белгиланган талабларга тўлиқ жавоб бермаслиги аниқланди. Шу билан бирга, бир қатор дорихона ва тиббиёт муассасаларида мазкур тоифадаги фуқаролар учун қулай ва хавфсиз муҳит яратилгани кузатилди.
Аниқланган камчиликлар юзасидан масъул ташкилотлар ва хўжалик юритувчи субъектларга тегишли тавсиялар берилди ҳамда уларни бартараф этиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.
Рақобат қўмитасининг Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аҳоли учун қулай ва инклюзив хизматлар муҳитини шакллантириш ҳамда хизмат кўрсатиш соҳасида соғлом рақобатни ривожлантиришга қаратилган ўрганишлар изчил давом эттирилади.



Post Comment