Муддатли тўлов шартномаси: ҳуқуқ ва мажбуриятларни унутманг

Муддатли тўлов шартномаси: ҳуқуқ ва мажбуриятларни унутманг

Бугунги кунда аҳолига қулайлик яратиш мақсадида маиший техника ва электрон қурилмаларни муддатли тўлов асосида харид қилиш имкониятлари кенгаймоқда. Бироқ бундай шартномалар нафақат ҳуқуқлар, балки муайян мажбуриятларни ҳам юклайди.

Яқинда Ўзбекисто истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 ишонч телефонига Данғара туманида яшовчи фуқаро Ж.Э.нинг мурожаати келиб тушди. Мурожаатда муддатли тўлов асосида харид қилинган мобил телефон бўйича юзага келган қарздорлик ва унинг оқибатлари ҳақида сўз борган.

Ўрганишлар давомида аниқланишича, фуқаро мобил телефонни муддатли тўлов шарти билан сотиб олган ва шартнома бўйича ҳар ой белгиланган тўловларни амалга ошириб бориши лозим бўлган. Аммо тўловлар ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилмагани сабабли қарздорлик шаклланган. Натижада кредит ташкилоти томонидан қарзни ундириш юзасидан тегишли чоралар кўрилган.

Шу ўринда бир муҳим жиҳатга эътибор қаратиш лозим. Ўзбекистон Республикасининг «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунининг 8-моддасига мувофиқ, истеъмолчи товарни кредитга ёки муддатли тўлов шарти билан харид қилганда шартномада белгиланган пул маблағини белгиланган тартиб ва муддатларда тўлаш мажбуриятини ўз зиммасига олади. Яъни истеъмолчи ўз ҳуқуқларидан фойдаланиши билан бир қаторда, шартнома шартларига риоя қилиши ҳам шарт.

Кўп ҳолларда фуқаролар муддатли тўлов шартномасини имзолаш вақтида унинг барча шартларини диққат билан ўқиб чиқмайди ёки кечиктирилган тўлов учун қандай оқибатлар келиб чиқишини етарлича англамайди. Ваҳоланки, ҳар бир шартнома бўйича тўловларнинг кечикиши пеня, фоизлар ҳисобланишига, айрим ҳолларда эса суд жараёнлари бошланишига сабаб бўлиши мумкин.

Мазкур мурожаат бўйича Федерациянинг Данғара туман жамияти мутахассислари томонидан ҳолат атрофлича ўрганилиб, тегишли ташкилотлар билан мулоқотлар ўтказилди. Ўрганиш натижасида фуқарога нисбатан қўйилган чеклов қайта кўриб чиқилди ва бекор қилинди.

Бу ҳолат истеъмолчилар учун муҳим сабоқ бўла олади. Товар ёки хизматни муддатли тўлов асосида харид қилишдан аввал шартнома шартларини синчиклаб ўрганиш, ўз молиявий имкониятларини ҳисобга олиш ва белгиланган тўловларни ўз вақтида амалга ошириш зарур. Агар тушунмовчилик ёки баҳсли ҳолат юзага келса, муаммони эртароқ ҳал этиш мақсадида сотувчи, кредит ташкилоти ёки истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларга мурожаат қилиш тавсия этилади.

Истеъмолчининг ҳуқуқлари қонун билан ҳимоя қилинган. Бироқ ҳуқуқлар билан бир қаторда шартнома бўйича мажбуриятларни бажариш ҳам ҳар бир истеъмолчининг муҳим вазифаси ҳисобланади.

Post Comment