Газ таъминотида истеъмолчилар мурожаатларига эътибор — муаммолар ечимига қадам

Газ таъминотида истеъмолчилар мурожаатларига эътибор — муаммолар ечимига қадам

Аҳолини узлуксиз ва сифатли равишда маиший газ билан таъминлаш коммунал хизматлар соҳасидаги энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Айниқса, табиий газ ёки суюлтирилган газ таъминотида юзага келадиган муаммолар фуқароларнинг кундалик турмушига бевосита таъсир кўрсатади. Шу боис истеъмолчиларнинг мурожаатларини ўз вақтида ўрганиш ва уларни ҳал этиш муҳим аҳамият касб этади.

Шу кунларда Ёзёвон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига газ таъминоти билан боғлиқ бир нечта мурожаатлар келиб тушди. Ушбу мурожаатлар юзасидан ўрганишлар олиб борилиб, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда амалий чоралар кўрилди.

Хусусан, Ёзёвон тумани Порлоқ МФЙда яшовчи С.О. ўз мурожаатида хонадонга суюлтирилган газ балони икки ойдан буён етказиб берилмаётгани, оила аъзолари узоқ вақт навбат кутишга мажбур бўлаётганини билдирган. Мурожаат асосида ўтказилган ўрганиш натижасида газ таъминоти хизмати томонидан хонадон суюлтирилган газ билан таъминланди. Масала юзасидан газ таъминотидаги кечикишлар газ ишлаб чиқарувчи корхоналардан ҳудуд учун ажратилаётган газ ҳажми камлиги ва етказиб беришдаги узилишлар билан боғлиқ экани маълум қилинди.

Шунга ўхшаш мурожаат Порлоқ МФЙда яшовчи У.Х.дан ҳам келиб тушди. У ҳам икки ой давомида газ балони ўз вақтида етказиб берилмаётганидан норози эканини билдирган. Мурожаат жойига чиққан ҳолда ўрганилиб, хонадон суюлтирилган газ билан таъминланди. Фуқарога муаммоси ҳал қилиб берилиши билан бир қаторда, маиший газдан хавфсиз фойдаланиш бўйича тушунтиришлар ҳам берилди.

Яна бир мурожаатчи Абдураҳмон Мирзаев эса табиий газ ҳисоблагичи учун зарур тўловларни амалга оширган бўлса-да, ҳисоб рақами очилмаётгани ва икки ойдан буён газ таъминоти мавжуд эмаслигидан шикоят қилган. Мурожаат ўрганилганда, ҳисоб рақамини очиш учун “Ҳудудгазтаъминот” тизими орқали ариза киритилгани ва мурожаат асосида ҳисоб рақами очиб берилгани маълум бўлди. Натижада хонадон табиий газ таъминотига уланди ҳамда фуқарога ҳуқуқий тушунтириш берилди.

Ушбу ҳолатлар бир жиҳатни яққол кўрсатади: истеъмолчи ўз ҳуқуқларини билса ва муаммога бефарқ бўлмай мурожаат қилса, масаланинг ижобий ҳал этилишига эришиш мумкин. Шунинг учун газ таъминоти билан боғлиқ муаммолар юзага келганда масъул ташкилотларга ёки истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларига мурожаат қилиш муҳимдир. Зеро, ҳар бир истеъмолчи сифатли ва узлуксиз коммунал хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Post Comment