Сифатсиз карам уруғи: истеъмолчи ҳуқуқи қандай ҳимоя қилинди?
Қишлоқ хўжалигида сифатли уруғ юқори ҳосилнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Аммо айрим ҳолларда истеъмолчилар харид қилган уруғ кутилган натижани бермаслиги, ҳатто умуман унмаслиги мумкин. Бундай вазиятларда фуқаро қандай йўл тутиши керак? Яқинда кузатилган бир мурожаат бу саволга амалий жавоб бўла олади.
Истеъмолчи Б.А. Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 қисқа рақамли ишонч телефони орқали мурожаат қилиб, 2026 йил феврал ойида шу каби масҳулотлар билан савдо қилувчи дўкондан карам уруғи маҳсулоти харид қилгани, аммо маҳсулот сифатсиз чиққани сабабли зарар кўрганини маълум қилди.
Мурожаат асосида Олтиариқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди. Мурожаатда келтирилган ҳолатни аниқлаш мақсадида сотувчи корхонадан тушунтириш ва тегишли ҳужжатларни тақдим этиш сўралди. Шунингдек, истеъмолчининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини тиклаш юзасидан амалий чоралар кўрилди.
Ўрганишлар давомида сотувчи томони билан музокаралар ўтказилди. Натижада сотувчи томони истеъмолчининг эътирозини асосли деб топди ва сифатсиз маҳсулот учун тўланган 1 300 000 сўм маблағни қайтаришга розилик билдирди.
Мазкур ҳолат истеъмолчилар учун муҳим хулосани кўрсатади: агар харид қилинган товар белгиланган сифат талабларига жавоб бермаса, истеъмолчи ўз ҳуқуқларини талаб қилишга ҳақли. Бунинг учун товарни харид қилганликни тасдиқловчи ҳужжатлар, чеклар, шартномалар ва бошқа далилларни сақлаб қўйиш муҳим аҳамиятга эга.
Мутахассислар таъкидлашича, сифатсиз маҳсулот туфайли зарар кўрилганда истеъмолчи аввало сотувчига мурожаат қилиши, муаммо бартараф этилмаган тақдирда эса истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари ёки ваколатли давлат органларига мурожаат этиши мумкин.
Зеро, қонунчиликка кўра ҳар бир истеъмолчи сифатли ва хавфсиз маҳсулот сотиб олиш ҳуқуқига эга. Ўз вақтида қилинган мурожаат эса нафақат муаммони ҳал этади, балки бозорда ҳалол ва масъулиятли тадбиркорлик муҳитини шакллантиришга ҳам хизмат қилади.



Post Comment