Асоссиз қарздорлик ҳисобланганда истеъмолчи нима қилиши керак?

Асоссиз қарздорлик ҳисобланганда истеъмолчи нима қилиши керак?

Коммунал хизматлар учун тўловларни ўз вақтида амалга ошириб келаётган истеъмолчи бир кун келиб катта миқдордаги қарздорлик ҳақида хабар олса, табиийки, бу ҳолат унда асосли саволлар туғдиради. Бундай вазиятларда муаммони эътиборсиз қолдирмасдан, қонуний тартибда мурожаат қилиш муҳим аҳамиятга эга.

Марғилон шаҳрида яшовчи фуқаро Б.Х. ҳам шундай ҳолатга дуч келди. У Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига мурожаат қилиб, хонадонга 2016 йилда сув ҳисоблагичи ўрнатилгани, 2017 йилда носозлик сабабли алмаштирилгани, тўловларни мунтазам амалга ошириб келаётганига қарамай, унга 2 миллион 600 минг сўмдан ортиқ қарздорлик ҳисобланганидан норози эканини билдирган.

Мурожаат асосида Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди. Ўрганиш жараёнида хонадонда ўрнатилган сув ҳисоблагичи техник ҳолати, ҳисоб-китоблар тарихи ва тегишли ҳужжатлар таҳлил қилинди.

Текширув натижаларига кўра, хонадондаги сув ҳисоблагичи 2017 йилда ўрнатилган бўлиб, белгиланган муддатда қайта қиёсловдан ўтказилмагани, назорат муҳри мавжуд эмаслиги ҳамда айрим техник масалалар мавжудлиги аниқланган. Шу билан бирга, қарздорлик ҳисоблаш жараёнида маълумотлар базаси етарлича чуқур ўрганилмагани маълум бўлди.

Мутахассислар томонидан ҳисоблагичнинг аввалги маълумотлари ҳам қайта кўриб чиқилди. Натижада ҳисоблагич бўйича маълумотлар базага киритилгани, аммо қайта қиёслов муддати ўтиб кетгани сабабли тушунмовчиликлар юзага келгани маълум бўлди. Истеъмолчига қонунчилик талаблари ва ҳисоблагичларни ўз вақтида қиёсловдан ўтказиш тартиби бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Энг муҳими, мурожаат юзасидан қўшимча ўрганишлардан кейин фуқаро хонадонида ичимлик суви таъминоти бўйича қарздорлик мавжуд эмаслиги тасдиқланди. Натижада асоссиз ҳисобланган қарздорлик масаласи бартараф этилди ва истеъмолчининг ҳуқуқлари тикланди.

Ушбу ҳолат барча истеъмолчилар учун муҳим сабоқ бўла олади. Коммунал хизматлар бўйича чеклар, шартномалар ва ҳисоблагичларга оид ҳужжатларни сақлаб бориш, ҳисоблагичларни ўз вақтида қиёсловдан ўтказиш ҳамда асоссиз қарздорлик ҳолатлари аниқланганда ваколатли ташкилотларга мурожаат қилиш зарур. Чунки ҳар бир истеъмолчи адолатли ҳисоб-китоб ва сифатли хизмат олиш ҳуқуқига эга.

Post Comment