1091 ишонч телефонига бир мурожаат ортидан бутун кўп қаватли уй муаммоси ўрганилди

1091 ишонч телефонига бир мурожаат ортидан бутун кўп қаватли уй муаммоси ўрганилди

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимида ҳар бир мурожаат алоҳида эътибор билан кўриб чиқилади. Айниқса, коммунал хизматлар бўйича асоссиз қарздорликларни аниқлаш ва бартараф этиш фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикасининг «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунининг 8-моддасига мувофиқ, истеъмолчи сифатли хизмат олиш, хизмат кўрсатувчи ташкилот билан шартнома тузиш ҳамда ноқонуний талаблар ва асоссиз ҳисоб-китоблардан ҳимояланиш ҳуқуқига эга. Хизмат кўрсатувчи ташкилот эса истеъмолчига хизматни қонунчилик талабларига мувофиқ кўрсатиши ва ўз мажбуриятларини тўлиқ бажариши шарт.

Мазкур қонун нормалари Марғилон шаҳрида кўриб чиқилган навбатдаги мурожаатда яна бир бор амалда ўз тасдиғини топди.

Марғилон шаҳри Янги Фарғона кўчасида яшовчи фуқаро З. Ғ. Федерациянинг 1091 қисқа ишонч телефони орқали мурожаат қилиб, кўп қаватли уй аҳолиси номидан коммунал хизматлар билан боғлиқ муаммони маълум қилди.

Мурожаат Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан зудлик билан назоратга олиниб, жойига чиққан ҳолда ўрганиш ишлари олиб борилди.

Ўрганиш давомида жиддий камчиликлар аниқланди. Жумладан, ўрганиш жараёнида кўп қаватли уйнинг 32 нафар хонадон эгалари билан «Хизмат кўрсатиш ширкати» ўртасида хизмат кўрсатиш бўйича шартнома тузилмагани маълум бўлди.

Шунингдек:

– кўп қаватли уйда капитал ва жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилмаган;
– аҳолига амалда хизмат кўрсатилмаган;
– шунга қарамай, биллинг тизимида 2023 йил август ойидан бошлаб қарздорлик қайта ҳисобланиб келинган.

Натижада 32 та хонадонга жами 29 миллион сўм миқдорида асоссиз қарздорлик ҳисобланган. Ушбу ҳолат кўплаб фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлган.

Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан хизмат кўрсатувчи ширкат раҳбари билан учрашув ўтказилиб, амалдаги қонунчилик талаблари, жумладан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид нормалар батафсил тушунтирилди.

Олиб борилган ўрганиш ва ҳуқуқий тушунтиришлар натижасида:

– биллинг базасига киритилган 29 миллион сўмлик асоссиз қарздорлик тўлиқ бекор қилинди;
– бугунги кунда мазкур кўп қаватли уйнинг 32 та хонадон эгаси хизмат кўрсатиш ширкати олдида ҳеч қандай қарздорликка эга эмаслиги расман тасдиқланди.

Мурожаат якуни бўйича фуқарога расмий жавоб хати юборилди ҳамда зарурат туғилганда юқори турувчи органлар ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқи мавжудлиги ҳам тушунтирилди.

Мазкур ҳолат истеъмолчилар учун муҳим сабоқ бўла олади.

Агар Сизга:

– хизмат кўрсатилмаган бўлса;
– хизмат кўрсатиш бўйича шартнома тузилмаган бўлса;
– асоссиз қарздорлик ҳисобланган бўлса;
– биллинг тизимида нотўғри маълумотлар акс этган бўлса, бундай ҳолатларга бефарқ бўлманг.

Аввало хизмат кўрсатувчи ташкилотдан ёзма тушунтириш талаб қилинг. Муаммо бартараф этилмаса, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларига ёки 1091 қисқа ишонч телефони орқали мурожаат қилинг.

Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан олиб борилган мазкур ишлар яна бир бор шуни кўрсатдики, фуқароларнинг ўз вақтида қилган мурожаати нафақат битта истеъмолчининг, балки бутун кўп қаватли уй аҳолисининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилиши мумкин.

1091 ишонч телефони орқали билдирилган битта мурожаат натижасида 32 та хонадоннинг 29 миллион сўмлик асоссиз қарздорлиги бекор қилиниб, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари тикланди.

Бу эса истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими нафақат алоҳида мурожаатларни ҳал қилиш, балки жамоавий муаммоларни ҳам қонун доирасида самарали бартараф этишга қодир эканини яна бир бор намоён этди.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin