Туризм объектларида хизматлар сифати жамоатчилик назорати марказида
Мамлакатимизда туризм соҳасини янада ривожлантириш, маҳаллий ва хорижий туристлар учун хавфсиз, сифатли ҳамда замонавий хизмат кўрсатиш муҳитини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, хизматлар сифати устидан самарали жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу мақсадда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси томонидан тасдиқланган концепция асосида республика ҳудудларида фаолият юритаётган меҳмонхоналар, меҳмон уйлари, хостеллар ва бошқа жойлаштириш воситаларида жамоатчилик назорати тадбирлари амалга оширилмоқда. Мазкур ўрганишларнинг асосий мақсади туризм соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хизматлар сифати ва хавфсизлигини баҳолаш, ахборот очиқлиги ҳамда амалдаги қонунчилик талабларига риоя этилишини ўрганишдан иборат.
Ана шу тадбирлар доирасида Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан шаҳар ҳудудида фаолият юритаётган меҳмонхоналарда жамоатчилик назорати ўтказилди.
Мониторинг давомида меҳмонхоналарда истеъмолчиларга хизматлар ҳақида тўлиқ ва ишончли ахборот тақдим этилиши, нархларнинг очиқ эълон қилинганлиги, брон қилиш ва тўлов шартларининг шаффофлиги, яшаш хоналарининг санитария-гигиена ҳолати, ичимлик суви, интернет, хавфсизлик тизимлари, ёнғин хавфсизлиги воситалари, мурожаат ва шикоятлар билан ишлаш тартиби ҳамда хизмат кўрсатиш маданияти каби кўрсаткичлар ўрганилди. Шунингдек, хорижий туристлар учун кўп тилли ахборотнинг мавжудлиги, халқаро тўлов воситаларидан фойдаланиш имконияти ва меҳмонларни рўйхатга олиш тартибига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Мутахассислар томонидан жамоатчилик назорати тадбирлари тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашиш ёки уларни текшириш мақсадида эмас, балки истеъмолчилар фикрини ўрганиш, хизматлар сифатини таҳлил қилиш ва соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида амалга оширилаётгани тушунтирилди.
Шу билан бирга, жамоатчилик назорати тадбирлари Қува туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан ҳам изчил давом эттирилмоқда. Бу гал мутахассислар Қаркидон сув омбори атрофида барпо этилган замонавий дам олиш масканлари ва туристик хизмат кўрсатиш объектларида ўрганишлар ўтказдилар.
Каркидон сув омбори кейинги йилларда Фарғона водийсининг энг истиқболли рекреация ва ички туризм масканларидан бирига айланиб бормоқда. Ҳудудда давлат дастурлари асосида соҳилбўйи инфратузилмасини ривожлантириш, замонавий дам олиш масканлари, оилавий ҳордиқ чиқариш зоналари, овқатланиш шохобчалари, меҳмон уйлари ва кўнгилочар хизматларни ташкил этиш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Бу эса водий аҳолиси билан бир қаторда мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларидан келувчи сайёҳлар учун ҳам Қаркидонни жозибадор туристик манзилга айлантирмоқда.
Ўрганишлар давомида дам олиш масканларида кўрсатилаётган хизматларнинг сифати, санитария-гигиена ҳолати, истеъмолчилар учун яратилган қулайликлар, хизматлар нархларининг шаффофлиги, хавфсизлик чоралари, овқатланиш ва маиший хизматлар сифати, шунингдек, истеъмолчиларнинг мурожаатлари билан ишлаш амалиёти ўрганилди. Муассаса масъулларига истеъмолчилар ҳуқуқларини таъминлаш, хизмат кўрсатиш маданиятини янада ошириш ва қонунчилик талабларига қатъий риоя қилиш бўйича тавсиялар берилди.
Таъкидлаш жоизки, туризм объектларида ўтказилаётган бундай жамоатчилик назорати тадбирлари хизматлар сифатини янада юксалтириш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, ички ва кириш туризмини ривожлантириш ҳамда мамлакатимиз туризм соҳасининг халқаро нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.



Post Comment