Лаваш ўлчами бўйича эътироз билдирилган мурожаат ўрганилди
Бугунги кунда онлайн буюртмалар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Бироқ маҳсулот ҳақида тўлиқ ва аниқ маълумот берилмаслиги баъзан истеъмолчиларда тушунмовчиликларга сабаб бўлмоқда. Ана шундай ҳолатлардан бири Фарғона вилоятида яшовчи фуқаро мурожаати орқали ўз ечимини топди.
Фарғона вилояти Фурқат туманида яшовчи фуқаро М. А. Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига мурожаат қилди. Унинг мурожаатида Қўқон шаҳридаги EVOS савдо нуқтасидан 72 000 сўмлик маҳсулот буюртма қилгани, аммо лаваш ўлчами кутилганидан анча кичик чиққанини билдирди. Шунингдек, маҳсулотнинг аниқ ўлчами расмий саҳифада кўрсатилмагани истеъмолчини норози қилган.
Мурожаат ҳудудийлик асосида Қўқон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига юборилди. Мутахассислар ҳолатни ўрганиб, мурожаатда кўтарилган масала юзасидан хизмат кўрсатувчи ташкилот — “MAK FOOD SERVIS” МЧЖга расмий хат киритди ҳамда аниқ тушунтириш бериш ва зарур чораларни кўрилиши сўралди.
Ўрганув жараёнида маълум бўлишича, буюртма бериш платформасида маҳсулот ўлчамлари сантиметрларда эмас, балки L, M ва S каби шартли белгилар орқали кўрсатилган. Бу эса истеъмолчида маҳсулот ҳажми бўйича нотўғри тасаввур шаклланишига сабаб бўлган. Корхона вакиллари истеъмолчи билан бевосита боғланиб, вазиятни тушунтирган.
Шу билан бирга, компания истеъмолчига эҳтиром белгиси сифатида ўз ҳисобидан маҳсулотлар тўпламини тақдим этган. Фуқаро кўрилган чоралардан қониққанини, даъвоси қолмаганини ҳамда компания ходимларининг муносабати учун миннатдорлик билдирганини маълум қилган.
Қўқон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан расмийлаштирилган маълумотномада ҳам мутахассислар олиб борган тушунтириш ишларидан сўнг мурожаат ижобий ҳал этилгани қайд этилган.
Ушбу ҳолат истеъмолчилар учун ҳам, тадбиркорлар учун ҳам муҳим сабоқ бўлди.
Истеъмолчилар буюртма беришдан олдин маҳсулот тавсифи билан синчиклаб танишиши лозим. Савдо ва хизмат кўрсатувчи субъектлар эса маҳсулот ҳақидаги барча муҳим маълумотларни, жумладан унинг ўлчами, вазни, таркиби ва бошқа хусусиятларини аниқ ҳамда тушунарли шаклда тақдим этиши истеъмолчилар ишончини мустаҳкамлайди.
Энг муҳими, мурожаатга ўз вақтида муносабат билдирилиши ва конструктив мулоқот орқали масаланинг судгача ечим топиши ҳам истеъмолчи, ҳам тадбиркор манфаатларига хизмат қилди.
Агар Сиз ҳам товар ёки хизмат сифати, маҳсулот ҳақида нотўлиқ маълумот берилиши ёки бошқа истеъмол муаммоларига дуч келсангиз, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига мурожаат қилишингиз мумкин.



Post Comment