Етарлича иссиқлик етказиб берилмагани истеъмолчининг қарздорликни 50 фоизидан озод этилишига сабаб бўлди

Етарлича иссиқлик етказиб берилмагани истеъмолчининг қарздорликни 50 фоизидан озод этилишига сабаб бўлди

Коммунал хизматлар учун тўлов қилиш ҳар бир истеъмолчининг қонуний мажбурияти ҳисобланади. Бироқ хизмат белгиланган сифат талабларига жавоб бермаса ёки тўлиқ ҳажмда кўрсатилмаса, истеъмолчи ҳам ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳақли.

Ана шундай ҳолатлардан бири Марғилон шаҳрида яшовчи фуқаро билан боғлиқ низода ўз ечимини топди. Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Марғилон шаҳар жамияти истеъмолчи манфаатларини судда ҳимоя қилиб, унинг ҳуқуқлари тикланишига эришди.

Марғилон шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Н.З. яшаб турган кўп қаватли уйда 2025–2026 йиллар куз-қиш мавсуми давомида иссиқлик таъминоти талаб даражасида бўлмаган.

Шунга қарамасдан, иссиқлик таъминоти корхонаси томонидан унга 880 827 сўм қарздорлик ҳамда 89 608 сўм пеня ҳисобланган. Фуқаро бир неча бор мурожаат қилганидан сўнг хизмат сифатсиз кўрсатилгани ҳақида далолатнома расмийлаштирилган, аммо қарздорлик тўлиқ бекор қилинмаган. Шу боис унинг манфаатларини кўзлаб Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти судга даъво аризаси киритди.

Суд муҳокамаси давомида:

– хонадонга белгиланган даражада иссиқлик етказиб берилмагани;
– бу ҳолат ваколатли мутахассислар томонидан тузилган далолатнома билан тасдиқлангани;
– иссиқлик таъминоти корхонаси ҳам қайта ҳисоб-китоб қилиш лозимлигини қисман тан олгани аниқланди.

Суд иш материалларини ҳар томонлама ўрганиб, амалдаги қонунчилик ва коммунал хизматлар кўрсатиш қоидаларига асосланган ҳолда хизмат сифатсиз кўрсатилгани учун истеъмолчининг талаби асосли деган хулосага келди.

Суд қарорига мувофиқ:

– фуқарога ҳисобланган коммунал қарздорликнинг 50 фоизи бекор қилинди;
– жавобгардан давлат фойдасига давлат божи ундирилди.

Шу тариқа истеъмолчининг ҳуқуқлари суд орқали ҳимоя қилинди.

Коммунал хизматлардан фойдаланувчилар қуйидагиларни эсда тутишлари муҳим:

– агар иссиқлик таъминоти белгиланган сифат талабларига жавоб бермаса, бу ҳақда хизмат кўрсатувчи ташкилотга дарҳол мурожаат қилинг;
– ҳолатни расмийлаштириш учун далолатнома тузилишини талаб қилинг;
– мурожаатларингиз ва жавоб хатларини сақлаб қўйинг;
– хизмат сифатсиз кўрсатилган бўлса, қайта ҳисоб-китоб қилишни талаб қилиш ҳуқуқига эгасиз;
– муаммо ҳал этилмаса, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларига мурожаат қилинг.

Ушбу суд қарори яна бир бор шуни кўрсатдики, коммунал хизматлар учун ҳақ тўлаш мажбурияти хизмат сифати билан чамбарчас боғлиқ. Агар хизмат тўлиқ ёки сифатли кўрсатилмаган бўлса, истеъмолчи ўз ҳуқуқларини қонун йўли билан ҳимоя қилиши мумкин.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ҳамда унинг ҳудудий жамиятлари фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, зарур ҳолларда эса уларнинг манфаатларини судларда ҳам ҳимоя қилиш бўйича тизимли ишларни амалга ошириб келмоқда.

Post Comment