Маҳсулот ёрлиғидаги маълумотлар ҳам истеъмолчи ҳуқуқидир
Бугунги кунда бозорларда ва савдо мажмуаларида минглаб турдаги маҳсулотлар сотувга қўйилмоқда. Харидор эса товарни танлашдан олдин унинг таркиби, ишлаб чиқарувчиси, ишлаб чиқарилган санаси, фойдаланиш муддати ва бошқа муҳим маълумотлар билан танишиш ҳуқуқига эга. Маҳсулот ёрлиқларида давлат тилида маълумотларнинг мавжуд бўлмаслиги эса истеъмолчини тўғри танлов қилиш имкониятидан маҳрум қилиши мумкин.
Шундай ҳолатлардан бири Қува туманида фаолият юритаётган савдо шохобчасида ҳам кузатилиб, шу туманда яшовчи фуқаро Ш.Р. дўкондаги товарлар ёрлиқларининг аксариятида давлат тилидаги ёзувлар ва истеъмолчи учун зарур маълумотлар мавжуд эмаслиги юзасидан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 ишонч телефонига мурожаат қолдирган.
Мазкур мурожаат асосида Қува туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан савдо объектида ўрганиш ишлари ташкил этилди. Ўрганиш жараёнида савдо дўкони масъул ходимлари иштирокида сотувга қўйилган маҳсулотлар кўздан кечирилди.
Аниқланишича, айрим маҳсулотларнинг ёрлиқлари фақат хорижий тилда, хусусан хитой тилида ёзилган бўлиб, истеъмолчи учун зарур бўлган маълумотлар давлат тилида тақдим этилмаган. Маҳсулотларнинг асосий хусусиятлари, ишлаб чиқарувчиси, ишлаб чиқарилган санаси ва бошқа муҳим маълумотлар ҳам истеъмолчига тушунарли шаклда кўрсатилмаган. Бундан ташқари, савдо объектининг кириш қисмида субъектнинг номи, юридик манзили ҳамда иш тартиби тўғрисидаги ахборотлар ҳам тўлиқ жойлаштирилмагани маълум бўлди.
Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунига кўра, сотувчи (ишлаб чиқарувчи) истеъмолчига товар (иш ёки хизмат) ҳақида зарур, тўғри ва тушунарли маълумотни ўз вақтида тақдим этиши шарт.
Маҳсулотнинг номи, таркиби, ишлаб чиқарувчиси, ишлаб чиқарилган санаси, яроқлилик муддати, фойдаланиш қоидалари каби муҳим маълумотлар истеъмолчи учун тушунарли тилда берилган бўлиши лозим. Бу эса истеъмолчига товарни онгли равишда танлаш, ундан хавфсиз фойдаланиш ҳамда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имконини беради.
Шу билан бирга, Қонуннинг 7-моддасига мувофиқ, агар товар ҳақида етарли ва ишончли маълумот тақдим этилмаган бўлса ёки маълумотлар истеъмолчи учун тушунарсиз шаклда берилган бўлса, бунинг оқибатида истеъмолчи нотўғри танлов қилган тақдирда, у шартномани бекор қилиш, товарни сотувчига қайтариш, етказилган зарарни қоплашни талаб қилиш ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳуқуқлардан фойдаланиши мумкин.
Шу боис маҳсулот ёрлиқларида давлат тилида аниқ ва тушунарли маълумотларнинг мавжуд бўлиши нафақат истеъмолчининг қонуний ҳуқуқини таъминлайди, балки сотувчи учун ҳам келгусида низолар, моддий зарарлар ва суд ишларининг олдини олишга хизмат қилади.
Ўрганиш якунида дўкон масъул ходимларига истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчилик талаблари юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди. Шунингдек, аниқланган камчиликларни бартараф этиш, маҳсулотлар ҳақидаги маълумотларни қонун талабларига мувофиқлаштириш ҳамда истеъмолчиларга тўлиқ ва тушунарли ахборот тақдим этиш бўйича тегишли тавсиялар билдирилди.
Шу ўринда харидорларга маҳсулотлар харид қилаётганда қуйидагиларга албатта эътибор қаратишларини сўраб қоламиз:
– маҳсулот номи ва вазифаси;
– ишлаб чиқарувчи ҳақидаги маълумотлар;
– ишлаб чиқарилган сана ва яроқлилик муддати;
– таркиби ва фойдаланиш бўйича кўрсатмалар;
– нархи ва бошқа муҳим маълумотлар давлат тилида мавжудлиги.
Агар ушбу маълумотлар мавжуд бўлмаса ёки сизнинг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқларингиз бузилаётган бўлса, буни эътиборсиз қолдирманг. Истеъмол соҳасида ҳуқуқларингиз бузилган тақдирда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ва унинг ҳудудий ташкилотлари сизга ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатишга тайёр.



Post Comment