Алданманг! “Ютуқли ўйин” ва ширин ваъдалар ортидаги қиммат хато
Баъзан бир оғиз ширин гап, “фақат бугунги акция”, “энг арзон нарх”, “ойига оз-оздан тўлайсиз” деган таклифлар инсонни ўйламасдан қарор қабул қилишга ундайди. Аммо айнан шундай вазиятлар кўплаб истеъмолчиларнинг молиявий муаммоларга дуч келишига сабаб бўлмоқда.
Яқинда Марғилон шаҳридаги мактабгача таълим муассасаси ходимлари ҳам шундай ҳолатга дуч келишди.
Мактабгача таълим муассасаси ходимлари М.С., М.Х. ва З.А.ларнинг мурожаатларини ўрганиш давомида тўпланган ҳужжатларда қайд этилишича, ўзини тадбиркор сифатида таништирган шахслар болалар боғчасига келиб, уларга турли маиший техникаларни таклиф қилиш жараёнида “стикер ўчириш ўйини” ҳам ўтказишади ва ушбу жараёнда бир неча боғча ходимларини “ютуқли ўйин” ғолиби деб эълон қилишади. Тадбир давомида иштирокчиларга маиший техникалар ва бошқа товарлар “жуда қулай шартларда” таклиф қилинган.
Ачинарлиси, иштирокчиларга маҳсулотларнинг сифати ва хавфсизлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тўлиқ таништирилмаган, кафолат шартлари ҳақида аниқ маълумот берилмаган, кредит шартлари эса етарлича тушунтирилмаган. Мактабгача таълим ташкилотининг айрим ходимлари номига 3-4 нафар ҳамкасби кредитга олган товарлар бириктирилиб, уларнинг зиммасига катта миқдордаги суммалар расмийлаштирилган.
Товарлар нархлари билан боғлиқ ҳолатлар, кредит шартлари ва зиммаларига юкланган бошқа ўзлари кутмаган мажбуриятларини кейинчалик тушуниб етган харидорлар товарлардан воз кечиш ва шартномани бекор қилиш ҳақида Марғилон шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилган.
Ўрганиш жараёнида тадбиркорга низони ихтиёрий ҳал қилиш таклиф этилган. Бироқ ушбу таклиф рад этилгандан сўнг иш суд тартибида кўриб чиқилиши учун ҳужжатлар тайёрланган. Иш судда кўрилиши арафасида эса тадбиркор томони масалани ўз томонига ҳал бўлмаслигини тушуниб етиб, мурожаат эгаларинининг талабларини қаноатлантиришни лозим топган.
Бу воқеадан қандай хулоса чиқариш керак?
Фирибгарлик ҳар доим ҳам сохта сайт ёки телефон қўнғироғи орқали бўлмайди. Айрим ҳолларда у расмий кўринган тадбир, семинар ёки тақдимот ортида ҳам яширин бўлиши мумкин.
Шунинг учун:
– “Фақат бугун” деган шошилинч таклифларга ишониб қарор қабул қилманг.
– ҳеч қачон ўқимасдан ҳеч қандай ҳужжат ёки шартномага имзо чекманг.
– кредит суммаси, фоизи, муддати ва умумий тўлов миқдорини аниқ билиб олинг.
– маҳсулотнинг сертификати, кафолат талони ва тўлов ҳужжатларини талаб қилинг.
– агар тушунмаган банди бўлса, имзо қўйишни кейинга қолдиринг.
– “Ҳозир имзо қўймасангиз акция тугайди” деган босимларга берилманг.
Ҳар қандай арзон таклиф ҳақиқатан ҳам фойдали бўлиши шарт эмас. Баъзан арзон деб олинган маҳсулот кейинчалик ойлаб тўланадиган кредит, ортиқча харажат ва судма-суд юришларга сабаб бўлиши мумкин.
Унутманг: истеъмолчининг ҳақиқий танлови — бу шошилмасдан, барча маълумотлар билан танишиб, онгли қарор қабул қилишдир.
“Алданманг!” Бир имзо қўйишдан олдин унинг ҳар бир сатрини ўқинг. Бир неча дақиқалик эътибор сизни йиллаб давом этадиган муаммодан асраши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, истеъмолчилик соҳасида ҳуқуқларингиз бузилган бўлса, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига мурожаат қилишингиз ёки электрон тарзда murojaat.istemol.uz платформаси орқали мурожаат юборишингиз мумкин. Шунингдек, Федерациянинг ҳудудий ташкилотлари ҳам ҳуқуқий маслаҳат ва амалий ёрдам кўрсатади.



Post Comment