Кўп болали оиланинг ижтимоий масаласи жойига чиқиб ўрганилди
Фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш нафақат уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, балки мавжуд муаммоларнинг ҳақиқий сабабларини аниқлаш ва амалда ечим топишда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг мурожаатларини холисона ўрганиш, уларга қонунчилик асосида тушунтириш бериш ва тегишли идоралар билан ҳамкорликда иш олиб бориш ҳар бир мурожаатнинг адолатли ҳал этилишига хизмат қилади.
Ана шундай мурожаатлардан бири Фарғона вилоятининг Бешариқ туманида яшовчи кўп болали оила томонидан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг Бешариқ туман жамиятига келиб тушди.
Шоберди маҳалласида яшовчи фуқаро М. М. болалар нафақаси тайинланмаётгани, мурожаатлари бир неча марта рад этилгани ҳамда ўз ҳисобида турар жой мавжудлиги ҳақида асоссиз маълумот киритилганини таъкидлаб, ҳуқуқий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Фуқаро оилада фақат турмуш ўртоғи меҳнат фаолияти билан банд эканини, ўзи эса уч нафар фарзанди парвариши билан шуғулланаётганини билдирган ҳамда мурожаатни ижобий ҳал этишда амалий кўмак сўраган.
Бешариқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари мурожаатни ўрганиш мақсадида маҳалла фуқаролар йиғини раиси, ҳоким ёрдамчиси ҳамда ижтимоий ходим иштирокида фуқаро яшаш манзилига чиқишди. Ўрганиш давомида оиланинг ҳақиқий ижтимоий ҳолати атрофлича таҳлил қилинди.
Аниқланишича:
– оилада уч нафар вояга етмаган фарзанд тарбияланмоқда;
– мурожаатчи ҳозирда болалар парвариши билан банд;
– турмуш ўртоғи туман тиббиёт бирлашмасида ишлайди, бироқ иш ҳажми қисқаргани сабабли тунги навбатчиликда меҳнат қилмоқда;
– мурожаатчи номида турар жой мавжуд эмаслиги тасдиқланди;
– турмуш ўртоғи номида «Damas» русумли автомашина мавжудлиги маълум бўлди.
Ўрганиш жараёнида фуқарога Вазирлар Маҳкамасининг кам таъминланган оилаларни «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» орқали аниқлаш ва болалар нафақасини тайинлаш тартибига оид қарорлари мазмун-моҳияти атрофлича тушунтирилди.
Шунингдек, туман Инсон ижтимоий хизматлар марказидан олинган расмий жавобга кўра, мурожаатнинг аввал рад этилишига асосий омиллар сифатида:
– оиланинг расмий даромади белгиланган мезондан юқори экани;
– турмуш ўртоғи номида автотранспорт воситаси мавжудлиги каби ҳолатлар қайд этилгани маълум қилинди.
Шу билан бирга, мурожаатчи таъкидлаган «ҳисобимда турар жой бор» деган маълумот асоссиз экани, ахборот тизими давлат реестрлари билан автоматик интеграция қилинган ҳолда ишлаши ва маълумотларни қўлда киритиш ёки ўзгартириш имконияти мавжуд эмаслиги ҳам тушунтирилди.
Ўрганиш натижасида фуқаронинг янги аризаси қабул қилиниб, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали белгиланган тартибда қайта кўриб чиқиш учун юборилгани маълум қилинди. Мурожаатчига нафақа тайинлаш тартиби, баҳолаш мезонлари ҳамда қонунчилик талаблари юзасидан батафсил ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Ўрганиш якунида фуқаро берилган изоҳлардан қониққанини билдирган.
Мазкур ҳолат ҳар бир мурожаатни фақат расмий тарзда кўриб чиқиш эмас, балки унинг моҳиятини жойига чиққан ҳолда ўрганиш қанчалик муҳим эканини яна бир бор кўрсатди.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси тизими фуқаролар мурожаатларини холисона ўрганиш, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш ва аҳолига ҳуқуқий тушунтиришлар бериш орқали уларнинг қонуний манфаатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.



Post Comment