Иссиқлик таъминоти йўналишида яна бир фуқаронинг ҳуқуқи судда ҳимоя қилинди

Иссиқлик таъминоти йўналишида яна бир фуқаронинг ҳуқуқи судда ҳимоя қилинди

Коммунал хизматлар учун ўз вақтида ҳақ тўлаш ҳар бир истеъмолчининг мажбурияти ҳисобланади. Бироқ бунинг муқобилида хизмат кўрсатувчи ташкилот ҳам ўз зиммасига олган мажбуриятларни тўлиқ ва сифатли бажариши шарт. Агар хизмат белгиланган талаб даражасида кўрсатилмаган бўлса, истеъмолчидан унинг учун ҳақ ундириш қонунчилик талабларига зид ҳисобланади.

Марғилон шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро М. С. билан боғлиқ суд иши ана шунинг яққол мисолидир. Мазкур низода Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Марғилон шаҳар жамияти фуқаро манфаатларини судда ҳимоя қилди ва адолат қарор топди.

Ҳужжатларга кўра, Марғилон шаҳри Гулистон маҳалласида яшовчи М. С. истиқомат қилаётган кўп қаватли уйда 2023 йилдан буён иссиқлик таъминоти талаб даражасида таъминланмаган.

Фуқаро бу ҳақда бир неча бор иссиқлик таъминоти корхонасига мурожаат қилган. 2025 йил декабр ойида ҳам расмий мурожаат йўлланган бўлса-да, вазиятни ўрганиш бўйича далолатнома фақат 2026 йил феврал ойида расмийлаштирилган. Шунга қарамай, хизмат кўрсатувчи корхона томонидан истеъмолчига 454 минг 514 сўм асосий қарз ва 22 минг 351 сўм пеня ҳисобланган.

Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мурожаатни ўрганиб чиқиб, фуқаро манфаатларини кўзлаб Фарғона вилояти Иссиқлик манбаи МЧЖга нисбатан судга даъво аризаси киритди.

Даъвода истеъмолчига сифатсиз хизмат кўрсатилгани, шу боис ҳисобланган қарздорлик ва пеня асоссиз экани қайд этилди.

Суд иш материаллари, тарафларнинг тушунтиришлари ҳамда тақдим этилган далилларни ҳар томонлама ўрганди. Жумладан, 2026 йил 2 феврал куни тузилган далолатномада мазкур кўп қаватли уйларга 2025–2026 йилги куз-қиш мавсумида етарли даражада иссиқлик етказиб берилмагани қайд этилгани суд томонидан асосий далил сифатида инобатга олинди.

Шунингдек, суд Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги 194-сон қарори билан тасдиқланган коммунал хизматлар кўрсатиш қоидалари талабларини таҳлил қилди.

Мазкур қоидаларга мувофиқ, агар истеъмолчи иссиқлик таъминоти етарли эмаслиги ҳақида мурожаат қилса, етказиб берувчи белгиланган муддатда ҳолатни ўрганиб, далолатнома тузиши ҳамда ўз айби билан етказиб берилмаган иссиқлик энергияси қийматини қайта ҳисоб-китоб қилиши шарт.

Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг ҳал қилув қарорига кўра:

– 454 514 сўм асосий қарздорлик;
– 22 351 сўм пеня асоссиз деб топилди ва истеъмолчи мазкур маблағларни тўлашдан тўлиқ озод қилинди.

Шунингдек, жавобгар корхонадан давлат фойдасига 412 минг сўм давлат божи ҳам ундирилиши белгиланди.

Коммунал хизматлар учун ҳақ тўлаш мажбурий. Аммо хизмат белгиланган сифатда кўрсатилмаган бўлса, истеъмолчи ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳақли.

Агар:

– иссиқлик талаб даражасида берилмаса;
– хизмат учун асоссиз қарздорлик ҳисобланса;
– мурожаатларингизга ўз вақтида муносабат билдирилмаса, бундай ҳолатларга бефарқ бўлманг. Қонун истеъмолчининг манфаатларини ҳимоя қилади.

Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, ҳуқуқий ёрдам ва тўғри ҳужжатлаштирилган далиллар орқали асоссиз ҳисобланган қарздорликларни бекор қилиш ва бузилган ҳуқуқларни тиклаш мумкин.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin