Сўралган буюм ўрнига хусусияти бошқача бўлган буюм бериб юборилганлиги сабаб 750 минг сўм истеъмолчига қайтарилди

Сўралган буюм ўрнига хусусияти бошқача бўлган буюм бериб юборилганлиги сабаб 750 минг сўм истеъмолчига қайтарилди

Харидор дўкон ёки дорихонага кирганда, ўз эҳтиёжига мос товарни сўрайди ва сотувчи ёки фармацевт унга айнан сўралган маҳсулотни тақдим этишига ишонади. Аммо баъзан истеъмолчининг сўрови билан унга амалда берилган товар ўртасида фарқ бўлиб чиқиши мумкин. Бундай вазиятда масала шунчаки «товарни қайтариш мумкинми?» деган савол билан чекланмайди. Истеъмолчига товар ҳақида қандай маълумот берилгани ва айнан қайси товарни харид қилиш нияти бўлгани ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Фарғона шаҳридаги дорихона билан боғлиқ ҳолат ҳам шу жиҳатдан эътиборга лойиқ. Ҳужжатларга кўра, фуқаронинг турмуш ўртоғи дорихонага келиб, электр тармоғидан мустақил ишлайдиган ингалятор аппарат сўрайди. У аппаратни сотиб олишдан олдин яна бир бор аниқлик киритиш мақсадида турмуш ўртоғига қўнғироқ қилади ва телефонни фармацевтга беради. Телефонда фармацевтга айнан қандай аппарат кераклиги тушунтирилади. Фармацевт эса дорихонада шундай аппарат борлигини тасдиқлайди.

Бироқ шундан кейин истеъмолчининг турмуш ўртоғига у сўраган аппарат эмас, компрессорли ингалятор берилади. Тиббий буюм хонадонга келтирилиб, буюртма қилган шахс қўлига топширилгач, у сўралган маҳсулотдан бошқа маҳсулот бериб юборилганлигини кўриб, аппаратни дорихонага қайтариб олиб келади.

Муаммо шу билан ҳал бўлиб қолмайди. Дорихонадагилар аппаратни қайтариб олишади, аммо истеъмолчига унинг учун тўланган пулни дарҳол қайтариш ўрнига, «қачонки сотилса, пулингизни қайтара оламиз», деган мазмунда жавоб беришади. Истеъмолчи эса кутади. Бир ҳафта ўтади. Икки ҳафта ўтади. Бир ой ўтади. Аммо маблағ қайтарилмайди. Орадан қарийб бир ярим ой вақт ўтгач эса, фуқаро Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига ариза билан мурожаат қилади.

Фуқаронинг мурожаати Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан белгиланган тартибда ўрганилиши жараёнида жамият ходимлари Фарғона шаҳрида жойлашган дорихонада бўлиб, дорихона масъулларига мурожаатда кўтарилган масала юзасидан тегишли тушунтириш ишларини олиб борилди. Натижада истеъмолчининг талаби ижобий ҳал этилди. Истеъмолчига сотилган компрессорли ингалятор дорихонага қайтарилди ва уни харид қилиш учун тўланган 750 минг сўм маблағ фуқарога тўлиқ қайтариб берилди.

Бу ерда асосий масала — дори эмас, нотўғри берилган товар бўлганлиги сабабли мазкур воқеани таҳлил қилганда муҳим бир жиҳатга эътибор қаратиш керак. Гап шунчаки «истеъмолчига аппарат ёқмади» ёки «кейин фикридан қайтди» деган ҳолат ҳақида эмас.

Истеъмолчи муайян хусусиятга эга ингаляторни сўраган, фармацевт эса телефон орқали бу талабни эшитган ва дорихонада шундай аппарат борлигини айтган. Аммо амалда истеъмолчига бошқа турдаги — компрессорли ингалятор берилган. Шу сабабли ушбу ҳолатга ҳуқуқий баҳо беришда «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 7-моддаси муҳим аҳамиятга эга.

Мазкур моддага кўра, агар товар ҳақида нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот берилганлиги зарур истеъмол хоссаларига эга бўлмаган товарнинг сотиб олинишига сабаб бўлса, истеъмолчи шартномани бекор қилиш ва ўзига етказилган зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли. Яъни истеъмолчининг талаби айнан сўралган товар билан амалда берилган товар ўртасидаги фарқ ва товар ҳақидаги маълумотнинг тўғри тақдим этилган-этилмагани нуқтаи назаридан баҳоланиши керак.

Қонуннинг 6-моддасида ишлаб чиқарувчи, ижрочи ёки сотувчи истеъмолчига реализация қилинаётган товар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шартлиги белгиланган. Қонун истеъмолчига товарнинг сифатини, бутлигини, вазни ва нархини текшириш ҳуқуқини ҳам беради. Сотувчи эса зарурат бўлганда товарни ишлатиб кўрсатиши ва ундан хавфсиз ҳамда тўғри фойдаланишни ўргатиши шарт.

Бу талаблар айниқса тиббий мақсадда фойдаланиладиган қурилмалар учун муҳим. Чунки истеъмолчи аппаратнинг ташқи кўринишига қараб унинг функционал хусусиятларидаги фарқни ҳар доим ҳам мустақил равишда аниқлай олмаслиги мумкин. Шу сабабли сотувчи ёки фармацевтдан берилган маълумотнинг тўғрилиги муҳим аҳамият касб этади.

Бу ерда яна бир муҳим жиҳат бор.

Истеъмолчи аппаратни дорихонага қайтариб келганидан кейин унга «сотилса, пулингизни қайтарамиз» деб, маблағни бир ярим ой давомида қайтармаслик масаласи юзага келган.

Агар товар истеъмолчига сўралган хусусиятдаги товар сифатида тақдим этилмаган ва бу ҳолат товар ҳақидаги нотўғри ёки тўлиқ бўлмаган маълумот билан боғлиқ бўлса, масалани оддий «товар сотилгандан кейин пулни қайтарамиз» деган шартга боғлаб қўйиш тўғри ҳуқуқий ёндашув эмас. Зеро, Қонуннинг 7-моддасида назарда тутилган ҳолатда истеъмолчининг шартномани бекор қилиш ва зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқи мавжуд.

Бу воқеадан ҳар бир харидор ўзи учун муҳим хулоса чиқариши мумкин. Агар сизга маълум бир хусусиятга эга товар керак бўлса, товарнинг номини эмас, айнан унинг муҳим хусусиятларини аниқ айтинг.

Масалан:

«Менга электр тармоғидан мустақил ишлайдиган ингалятор керак», деган талаб билан «Менга ингалятор беринг», деган талаб бир хил эмас. Иккинчи ҳолатда сотувчи турли турдаги ингаляторлардан бирини таклиф қилиши мумкин. Биринчи ҳолатда эса истеъмолчи учун муайян хусусият принципиал аҳамиятга эга.

Шунинг учун:

– товарнинг аниқ хусусиятини айтинг;
– сотувчи айтган маълумотни қайта аниқлаштиринг;
– товарни олишдан олдин унинг номи ва моделини текширинг;
– имкони бўлса, товарнинг ташқи кўриниши ва техник хусусиятларини ҳужжатлари билан солиштиринг;
– чекни албатта сақланг;
– телефон орқали берилган буюртма ёки маълумотларни тасдиқловчи ёзишмалар бўлса, уларни ҳам сақлаб қўйинг.

Фарғона шаҳридаги мазкур ҳолатда истеъмолчи электр тармоғидан мустақил ишлайдиган ингаляторни сўраган, фармацевт эса шундай аппарат борлигини айтган. Аммо амалда унга компрессорли ингалятор берилган. Истеъмолчи товарни қайтарган, бироқ маблағи дарҳол қайтарилмаган. Орадан бир ярим ойга яқин вақт ўтгач, у Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилган. Мурожаат ўрганилиши натижасида 750 минг сўм маблағ тўлиқ қайтарилган.

Бу ҳолатда масаланинг моҳиятини «дори воситалари, шунингдек тиббий буюмлар қайтарилмайди» деган умумий қоида билан тушунтириш тўғри эмас. Чунки бу ерда асосий масала — истеъмолчи сўраган товарнинг хусусиятлари билан унга амалда берилган товарнинг фарқ қилиши ва товар ҳақида тўғри маълумот берилган-берилмагани.

Қонун истеъмолчини айнан шундай ҳолатларда ҳам ҳимоя қилади: товар ҳақида нотўғри ёки тўлиқ бўлмаган маълумот сабабли истеъмолчи зарур хусусиятларга эга бўлмаган товарни сотиб олган бўлса, у шартномани бекор қилиш ва етказилган зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Демак, харидда энг муҳим қоида — «нима сўраганингизни аниқ айтинг, нима олганингизни эса албатта текширинг».

Post Comment