Тўланган сумманинг кўрсатилмаган хизмат қисми қайтарилди
Тиббий хизматда энг муҳими — беморга келишилган хизматлар сифатли ва белгиланган шартлар асосида кўрсатилишидир. Агар даволаниш жараёнида вазият ўзгариб, хизматларнинг барчасидан фойдаланиш имкони бўлмаса, тўланган маблағнинг қай даражада қайтарилиши масаласи ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Фарғона туманида яшовчи фуқаро Н. Ш. Фарғона шаҳридаги хусусий клиникада даволаниш билан боғлиқ ҳолат юзасидан шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилди. Ҳужжатларга кўра, бемор ва хусусий клиника ўртасида кўрсатиладиган хизматларнинг умумий қиймати 5 миллион сўм этиб келишилган. Бемор ёнида бўлган 2 миллион сўмни тўлаб, қолган қисмини даволаниш жараёнида тўлашга келишган ҳолда муолажалар бошланган. Бироқ даволаниш жараёнида беморда тезкорлик билан жарроҳлик амалиёти ўтказиш зарурати юзага келгани сабабли, муолажани бошқа клиникада давом эттиришга ва у ерда жарроҳлик амалиётидан ўтишга тўғри келган.
Шундан сўнг бемор хусусий клиникада амалга оширилмаган хизматлар учун тўлаган маблағидан тегишли қисмини қайтариш масаласида мурожаат қилди. Фарғона шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан ҳолат ўрганилиб, хусусий клиника раҳбарига сўровнома юборилди. Натижада тўланган 2 миллион сўмнинг 1 миллион сўми беморга ҳақиқатда кўрсатилган хизматлар учун олиб қолиниб, қолган 1 миллион сўм маблағ истеъмолчига қайтариб берилди.
Мазкур ҳолат истеъмолчиларга муҳим эслатма: пуллик тиббий хизмат олишда кўрсатиладиган хизматлар, уларнинг қиймати ва тўлов шартларини олдиндан аниқлаш, имконият қадар шартнома, чек ва бошқа ҳужжатларни сақлаб қўйиш зарур. Агар даволаниш жараёнида келишилган хизматларнинг бир қисми кўрсатилмай қолса, истеъмолчи тўланган маблағнинг амалда кўрсатилган хизматларга тегишли қисмини аниқлаш ва қолган маблағни қайтариш масаласини қонуний тартибда кўтариши мумкин. Бу ҳолатда ҳам мурожаат эътиборсиз қолмади ва беморга 1 миллион сўм маблағ қайтарилди.



Post Comment