КЎРСАТИЛМАГАН ХИЗМАТ УЧУН ҲИСОБЛАНГАН ҚАРЗДОРЛИК ҚАЙТА КЎРИБ ЧИҚИЛДИ
Фуқарога қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизмати бўйича 953 минг 40 сўм қарздорлик ҳисобланган. Мурожаат ўрганилиши натижасида эса сумма қайта ҳисоб-китоб қилиниб, қарздорлик 476 минг сўм этиб белгиланди.
Фарғона тумани Беруний маҳалласида яшовчи фуқаро қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизмати бўйича ҳисобланган қарздорликдан норози бўлиб, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилди.
Фуқаронинг билдиришича, унга хизмат кўрсатувчи ташкилот томонидан 2026 йил 1 октябрда 953 минг 40 сўм қарздорлик мавжудлиги ҳақида талабнома юборилган. Унда белгиланган муддатда тўлов амалга оширилмаса, қарздорликни суд орқали мажбурий ундириш, шунингдек, давлат божи ва почта харажатларини ҳам тўлаш зарурлиги кўрсатилган.
Бироқ фуқаро хонадондан қаттиқ маиший чиқиндилар олиб чиқиб кетилмагани, амалда кўрсатилмаган хизмат учун ҳақ ҳисоблангани юзасидан эътироз билдирган. Шунингдек, қарздорлик қайси давр ва қандай ҳисоб-китоблар асосида шаклланганини текширишни сўраган.
Мурожаат Фарғона туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан ўрганилиб, хизмат кўрсатувчи ташкилотга тегишли сўров хати юборилди.
Ўрганиш натижасида ташкилот томонидан аввал ҳисобланган 953 минг 40 сўм қарздорлик қайта ҳисоб-китоб қилинди. Натижада фуқаронинг қарздорлиги 476 минг сўм этиб белгиланди. Бу ҳақда хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг расмий жавоб хатида маълум қилинди.
Шу тариқа, фуқаронинг мурожаатида кўтарилган масала қайта кўриб чиқилиб, дастлабки ҳисоб-китобдаги қарздорлик суммаси 477 минг 40 сўмга камайтирилди. Фуқаро ҳам амалга оширилган қайта ҳисоб-китобдан розилигини билдирган.
Коммунал ва маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматлари бўйича ҳисобланган қарздорликка шубҳа туғилса, унинг қайси давр учун ва қандай асосда ҳисобланганини аниқлаштириш талаб этилади.
Истеъмолчилар қуйидаги жиҳатларга эътибор қаратиши лозим:
– ҳисобланган қарздорлик даври ва миқдорини текшириш;
– кўрсатилган хизматлар ҳақидаги маълумотларни сўраш;
– тўлов ҳужжатлари ва хизмат кўрсатиш шартномасини сақлаш;
– асоссиз ҳисоб-китоб ёки талабнома юборилган деб ҳисобланса, ёзма равишда эътироз билдириш.
Ёдда тутинг: хизмат кўрсатиш ва унинг учун ҳақ ҳисоблаш жараёнида шаффофлик ҳамда аниқ ҳисоб-китоб бўлиши керак. Истеъмолчи ўзига ҳисобланган тўловнинг асосини билишга ва эътирозлари бўлса, уни қайта кўриб чиқишни талаб қилишга ҳақли.



Post Comment