Қўқонда олий ва профессионал таълим муассасаларида талабалар учун яратилган шароитлар ўрганилмоқда
Сифатли таълим олиш фақат билим бериш жараёни билан чекланмайди. Талаба ва ўқувчилар учун яратилган шарт-шароитлар, таълим хизматларининг очиқлиги, хавфсизлиги, ижтимоий-маиший қулайликлар ҳамда уларнинг қонуний манфаатлари таъминланиши ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси буйруғига мувофиқ, республика бўйлаб олий, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида жамоатчилик мониторинги тадбирлари ташкил этилмоқда.
Мазкур жараён доирасида Федерациянинг Фарғона вилояти ҳудудий бирлашмаси Ишчи гуруҳи томонидан Қўқон давлат университети, шаҳардаги 4-сонли техникуми ҳамда Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумларида ҳам ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Ўрганишлардан кўзланган асосий мақсад — талаба ва ўқувчиларга кўрсатилаётган таълим, ижтимоий-маиший ва бошқа хизматларнинг сифати, улар учун яратилган шароитлар ҳамда истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқ ва қонуний манфаатларининг қай даражада таъминланаётганини баҳолашдан иборат.
Ўрганишларда нималарга эътибор қаратилмоқда?
Аввало, таълим муассасаларида ахборот очиқлиги, талабалар учун зарур маълумотларнинг мавжудлиги, ички тартиб-қоидалар, баҳолаш мезонлари, раҳбариятнинг қабул кунлари ва мурожаат қилиш имкониятлари ўрганилмоқда.
Шунингдек, ўқув аудиториялари ва лабораторияларнинг техник ҳолати, уларнинг ёритилиши, иситиш ва совитиш тизимлари, мебель ва жиҳозлар билан таъминланганлиги, санитария-гигиена шароитлари ҳам эътибор марказида.
Кутубхона ва ахборот-ресурс марказларининг замонавий адабиётлар билан таъминланганлиги, электрон кутубхона, компьютер хоналари ҳамда интернет хизматидан фойдаланиш имкониятлари ҳам мониторингнинг муҳим йўналишларидан ҳисобланади.
Бундан ташқари, мавжуд талабалар турар жойларида яшаш шароитлари, ичимлик ва иссиқ сув таъминоти, санитария ҳолати, ошхона ва буфетларда таомлар сифати, нархларнинг очиқлиги ҳамда талабалар учун ҳамёнбоплигига эътибор қаратилмоқда.
Алоҳида йўналиш сифатида ногиронлиги бўлган талаба ва ўқувчилар учун қулай муҳит яратилганлиги, шунингдек, ёшларнинг таклиф ва шикоятларини қабул қилиш, уларни кўриб чиқиш механизмлари ҳам ўрганилмоқда.
Талаба ва ўқувчиларнинг фикри ҳам муҳим
Жамоатчилик мониторинги жараёнида фақат мавжуд шароитларни кўздан кечириш билан чекланилмайди. Талаба ва ўқувчиларнинг таълим ҳамда ижтимоий-маиший хизматлар сифати юзасидан фикр-мулоҳазаларини ўрганишга ҳам алоҳида аҳамият қаратилади.
Бунинг учун аноним сўровномалардан фойдаланиш назарда тутилган бўлиб, улар орқали ёшларнинг ўқув шароитлари, кутубхона, овқатланиш, турар жой ва мурожаатлар билан ишлаш тизимига муносабатини билиш мақсад қилинган.
Ўрганишлар якунида ҳар бир таълим муассасаси бўйича тўпланган маълумотлар умумлаштирилиб, ижобий тажрибалар ва эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар юзасидан тегишли хулоса ҳамда амалий тавсиялар ишлаб чиқилиши кўзда тутилган.
Зеро, таълим муассасасида яратилган ҳар бир қулайлик — ёшларнинг сифатли билим олиши, ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши ва келажакда малакали мутахассис бўлиб етишишига хизмат қилади.



Post Comment