Риштондаги профессионал таълим муассасаларида яратилган шароитлар ўрганилмоқда
Бугун Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилояти ҳудудий бирлашмаси Ишчи гуруҳи томонидан Риштон туманида жойлашган учта профессионал таълим муассасасида ўрганишлар ўтказилди.
Жумладан, Риштон тумани 1-сонли техникуми, 2-сонли техникуми ҳамда Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумида ўқувчилар учун яратилган шароитлар, кўрсатилаётган хизматлар сифати ва уларнинг қонуний манфаатлари таъминланганлигига эътибор қаратилди.
Мазкур тадбир Федерациянинг тегишли буйруғи ҳамда услубий қўлланма асосида ташкил этилган бўлиб, профессионал таълим муассасаларидаги мавжуд шарт-шароитларни жамоатчилик нуқтаи назаридан ўрганишни мақсад қилади.
Ўрганишлар давомида ўқув хоналари, мавжуд жиҳозлар, ахборот-ресурс имкониятлари, санитария-гигиена ҳолати, ёритиш ва иситиш тизимлари, шунингдек, ўқувчилар учун яратилган ижтимоий-маиший шароитлар кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, таълим жараёнига оид маълумотларнинг очиқлиги, ўқувчиларнинг таклиф ва мурожаатларини билдириш имкониятлари, овқатланиш хизматлари, мавжуд қулайликлардан фойдаланиш ҳолати ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун зарур шароитлар яратилганлиги каби масалалар ҳам ўрганиш доирасига киритилди.
Таълим муассасаларидаги шароитларни баҳолаш билан бир қаторда, ўқувчиларнинг фикр ва таклифларини ўрганишга ҳам аҳамият берилмоқда. Чунки таълим олувчиларнинг кундалик ҳаётида учраётган масалаларни аниқлаш ва хизматлар сифатини яхшилашда уларнинг фикри муҳим манба ҳисобланади.
Таъкидлаш жоизки, мазкур тадбирлар таълим муассасаларининг ўқув жараёнига аралашиш ёки молиявий-хўжалик фаолиятини текширишни эмас, балки ўқувчилар учун яратилган шароитлар ва хизматлар сифатини жамоатчилик нуқтаи назаридан ўрганишни назарда тутади.
Ўрганишлар якунида тўпланган маълумотларни умумлаштириш, мавжуд ҳолатларни таҳлил қилиш ҳамда зарур ҳолларда хизматлар сифатини яхшилашга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш кўзда тутилган.
Зеро, профессионал таълим муассасаларида муносиб шароитларни яратиш, ўқувчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда таълим хизматлари сифатини ошириш малакали мутахассислар тайёрлашнинг муҳим омилларидан биридир.



Post Comment