Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида жамоатчилик мониторинглари ўтказилмоқда
Бугун Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилояти ҳудудий бирлашмаси Ишчи гуруҳи томонидан Фарғона шаҳридаги олий, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида жамоатчилик мониторинги — кузатув ва ўрганиш ишлари олиб борилди. Жумладан, Ишчи гуруҳи Фарғона давлат техника университети ҳамда мазкур университет қошидаги академик лицейда бўлиб, ўрганиш ишларини олиб борди.
Ўрганишларнинг асосий мақсади — таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар ва ўқувчиларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари таъминланганлик даражасини ўрганиш, уларга кўрсатилаётган таълим, ижтимоий-маиший ва маданий хизматлар сифатини баҳолаш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан амалий таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.
Ишчи гуруҳ томонидан таълим муассасаларидаги ахборот стендлари ва расмий маълумотларнинг очиқлиги, ўқув хоналари ва лабораторияларнинг ҳолати, кутубхона ҳамда электрон ресурслардан фойдаланиш имкониятлари, санитария-гигиена шароитлари, овқатланиш хизматлари сифати ва нархлари, шунингдек, талабалар ва ўқувчиларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизими каби йўналишларга эътибор қаратилди.
Шунингдек, таълим муассасаларида ногиронлиги бўлган ёшлар учун яратилган қулайликлар, тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятлари ва зарур ахборотларни олиш шароитларини ўрганиш ҳам мониторингнинг муҳим вазифалари сирасига киради.
Ўрганишлар давомида талабалар ва ўқувчиларнинг фикр-мулоҳазаларини холисона ўрганиш мақсадида аноним ижтимоий сўровномалардан фойдаланиш ҳам назарда тутилган. Аниқланган ҳолатлар тегишли саволномалар ва далиллар асосида қайд этилиб, ҳар бир таълим муассасаси кесимида умумлаштирилади.
Таъкидлаш жоизки, мазкур тадбирлар назорат-текширув эмас, балки жамоатчилик мониторинги ҳисобланади. Унинг давомида таълим муассасаларининг молиявий-хўжалик фаолиятига аралашмаслик, ўқув жараёнига халақит бермаслик ҳамда фақат хизматлар сифати, яратилган шарт-шароитлар ва истеъмолчилар ҳуқуқларининг таъминланганлик даражасига эътибор қаратиш белгиланган.
Мониторинг натижалари асосида мавжуд муаммолар таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича тегишли ваколатли ташкилотларга амалий таклифлар киритиш режалаштирилган.
Мазкур ташаббус таълим муассасаларида хизматлар сифатини ошириш, талабалар ва ўқувчиларнинг ҳуқуқий хабардорлигини мустаҳкамлаш ҳамда таълим олиш учун муносиб шарт-шароитларни таъминлашга хизмат қилади.



Post Comment