Тиббиёт техникуми ўқитувчиларига истеъмолчилар ҳуқуқлари бўйича тушунтиришлар берилди

Тиббиёт техникуми ўқитувчиларига истеъмолчилар ҳуқуқлари бўйича тушунтиришлар берилди

Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ташаббуси билан 2-son Фарғона шаҳар Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик мазмун-моҳиятига бағишланган тарғибот тадбири ўтказилди.

Унда техникум ўқитувчилари иштирок этиб, истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунчилик талаблари юзасидан маълумотларга эга бўлдилар.

Тадбирда таъкидланганидек, бугунги кунда истеъмолчилик муносабатлари ҳар бир инсон ҳаётининг ажралмас қисмига айланган. Озиқ-овқат ва маиший товарларни харид қилиш, коммунал ҳамда бошқа хизматлардан фойдаланиш, онлайн савдо орқали маҳсулот буюртма қилиш жараёнларида фуқароларнинг ҳуқуқий билимга эга бўлиши муҳим аҳамият касб этади.

Шу нуқтаи назардан, иштирокчиларга Ўзбекистон Республикасининг «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунида белгиланган асосий ҳуқуқлар, жумладан, товар ва хизматлар ҳақида тўғри ҳамда тўлиқ маълумот олиш, сифатли ва хавфсиз маҳсулотни танлаш, етказилган зарарни қоплашни талаб қилиш ва ҳуқуқлари бузилган тақдирда қонуний ҳимоя воситаларидан фойдаланиш масалалари тушунтирилди.

Шунингдек, товар харид қилиш ёки хизматдан фойдаланишда шартнома шартларини диққат билан ўрганиш, тўлов ҳужжатларини сақлаш, реклама ва таклифлардаги маълумотларни текшириш ҳамда истеъмолчи сифатида ўз ҳуқуқларини билиш зарурлигига эътибор қаратилди.

Таъкидлаш жоизки, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги тарғибот ишлари нафақат ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, балки аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга ҳам хизмат қилади. Айниқса, таълим муассасаларида бундай тадбирларни ташкил этиш ўқитувчиларнинг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш ва улар орқали кенг жамоатчиликка зарур билимларни етказишда муҳим ўрин тутади.

Мазкур тадбир истеъмолчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, қонунчилик талабларини кенг тарғиб қилиш ва фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилаётганининг амалий ифодаси бўлди.

Post Comment