28 НОЯБРЬ — ФЕДЕРАЦИЯ ТАРИХИДА МУҲИМ САНА: ЖАМОАТЧИЛИК ИШТИРОКИГА БЕРИЛГАН ДАВЛАТ ЭЪТИРОФИ

28 НОЯБРЬ — ФЕДЕРАЦИЯ ТАРИХИДА МУҲИМ САНА: ЖАМОАТЧИЛИК ИШТИРОКИГА БЕРИЛГАН ДАВЛАТ ЭЪТИРОФИ

2002 йил 28 ноябрь. Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси тарихида алоҳида аҳамиятга эга сана. Айнан шу куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 414-сон қарори қабул қилинди.

Ушбу қарор мамлакатимизда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида жамоатчилик иштирокини кенгайтириш, фуқароларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш ва истеъмол бозорида жамоатчилик назоратини кучайтириш йўлида муҳим ҳуқуқий қадам бўлди.

Энг муҳими, мазкур қарор билан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари ҳудудий бирлашмалари томонидан Федерация ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинди ҳамда унинг асосий вазифалари белгилаб берилди.

Жумладан, аҳоли ўртасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни кенг тарғиб қилиш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ички бозордаги товарларнинг сифати ва хавфсизлиги юзасидан мониторинглар ўтказиш, аҳолининг истеъмол маданиятини ошириш, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик қилиш Федерация фаолиятининг муҳим йўналишлари сифатида белгиланди.

Шунингдек, қарорда Федерациянинг ташкилий тузилмаси, ижро этувчи аппарати ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ижтимоий ҳаракатини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асослари ҳам ўз аксини топди.

Қарорнинг тарихий аҳамияти нимада?

Аввало, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фақат давлат органларининг вазифаси эмас, балки жамоатчилик, фуқаролик жамияти институтлари ва истеъмолчилар бирлашмалари иштирокида амалга оширилиши лозим бўлган муҳим ижтимоий йўналиш эканлиги эътироф этилди.

Бу эса истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилишда жамоатчилик институтларининг ўрни ва масъулиятини ошириш, соҳада тизимли фаолиятни йўлга қўйиш учун мустаҳкам ташкилий-ҳуқуқий замин яратди.

Ўтган йиллар давомида Федерация ўз фаолиятини такомиллаштириб, истеъмолчилар мурожаатлари билан ишлаш, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, судларда манфаатларини ҳимоя қилиш, жамоатчилик мониторингларини ўтказиш, ҳуқуқий тарғибот ва халқаро ҳамкорлик йўналишларида фаолият олиб бориб келмоқда.

Албатта, бугунги истеъмол бозори кечагисидан тубдан фарқ қилади. Электрон савдо, рақамли хизматлар, масофавий шартномалар ва янги иқтисодий муносабатлар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини талаб этмоқда.

Шу боис, 2002 йил 28 ноябрда белгиланган мақсад ва вазифалар бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Аксинча, улар замон талабларига мос равишда янги мазмун билан бойиб бормоқда.

28 ноябрь — бу шунчаки тарихий сана эмас. Бу истеъмолчи манфаатларини ҳимоя қилишдек муҳим ижтимоий вазифани зиммасига олган жамоатчилик институтининг давлат даражасида эътироф этилгани, унинг ташкилий-ҳуқуқий асослари мустаҳкамлангани билан аҳамиятлидир.

Бугун Федерация тизимида фаолият юритаётган ҳар бир ходим, ҳар бир истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти учун бу сана ўз масъулиятини яна бир бор англаш, ўтган йўлни сарҳисоб қилиш ва келгуси вазифаларни белгилаб олиш учун муҳим фурсатдир.

Зеро, бизнинг асосий мақсадимиз ўзгармайди: истеъмолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, унинг қонуний манфаатларини таъминлаш ва жамиятда истеъмол маданиятини юксалтириш!

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin