Одамларимизнинг умри ва вақти зое кетмасин
-
Амалдаги қонун билан истеъмолчига бир қатор ҳуқуқлар берилганки, сотиб олинган товарнинг кейинчалик нуқсонлари аниқланса, кафолат муддати мобайнида алмаштириб олиш, бепул таъмирлатиш, шартномани бекор қилиб, кўрилган зарарни қоплатиш каби ҳуқуқлар шулар жумласидандир. Лекин истеъмолчилар юқоридаги ҳуқуқларини ҳар доим, ҳар жойда эмин-эркин амалга ошира олаяптиларми? Албатта, ҳуқуқий жиҳатдан билимли инсон ўзининг қонуний ҳуқуқларини ўрнида талаб қилишни билиши билан биргаликда, агар қарши тараф унинг талабларини бажармаган тақдирда қандай ҳаракатларни амалга ошириши кераклигидан ҳам бохабар бўлади. Акс ҳолда, Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи Е.К. сингари сотувчининг қуруқ ваъдаларига ишониб, йиллаб умри ва вақтини зое кетказиши мумкин.
Истеъмолчи Е.К. Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилиб келишига қадар икки йил давомида унга нуқсонли телевизор сотган сотувчи билан курашган, унинг берган ваъдаларига ишониб юраверган ёки сотувчиям инсонлигидан келиб чиқиб, бир кун инсофга келиб қолишига умид қилганми, бу ёғи бизга қоронғу.
Хуллас, истеъмолчи 2017 йилда Фарғона шаҳар Буюм бозори ҳудудидаги савдо дўконларининг биридан 450 АҚШ долларига “LG” русумли телевизор харид қилади. Орадан бир ой ўтиб телевизорнинг нуқсонлари бўй кўрсатиб, у бузилиб қолади. Истеъмолчи телевизорни сотувчига келтириб, ҳолат юзасидан ўз эътирозларини билдиради. Сотувчи нуқсонларни бепул бартараф қилиб беришга ваъда бериб, телевизорни олиб қолади. Нуқсонлар бартараф этилганлиги хабари берилгач, хонадонга қайтариб олиб кетилган телевизор икки ҳафтада яна бузилади. Қўйингки, бу ҳолат икки йил давом этиб, телевизор сотувчининг ҳузурига беш марта олиб келиниб, беш марта олиб кетилади. Телевизор бешинчи марта сотувчига қайтарилгач, истеъмолчининг кўнглида “Телевизор нега бузилаверади, балки менга аввал истеъмолда бўлган телевизор сотишганмикан?”, деган шубҳа ва гумонлар кучайиб, у сотувчидан телевизорни қаерда тузатишаётганлигини сўрайди. Сотувчи телевизор ҳар доимгидек “Samsung” сервис марказидалигини, усталар нуқсонларни бартараф қилаётганликларини айтгач, у сервис маркази билан боғланиб, ўзининг телевизори ҳақида сўраб суриштиради. Лекин усталар марказга бундай телевизор келиб тушмаганлигини маълум қиладилар. Шундан сўнг, истеъмолчи ўз кучи билан ҳуқуқларини тўла рўёбга чиқара олмаслиги, унга бу борада бирор бир ташкилот ёрдами зарурлигини англаб етиб, шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилади.
Шаҳар жамияти томонидан олиб борилган ўрганиш ишлари натижалари билан эса истеъмолчининг нуқсонли товари мақбул сифатли товарга алмаштирилишига эришилди. Сотувда худди шу маркадаги телевизор бўлмаганлиги сабабли бошқа маркадаги, мақбул сифатдаги телевизорни уйига олиб кетган истеъмолчи бугун телевизорни ҳар тармоққа улаганида Федерация томонидан кўрсатилган амалий ёрдамни ҳис қилиши билан биргаликда, икки йил давомида чеккан машаққатлари ҳам кўз ўнгидан бир-бир ўтаётган бўлса, не ажаб.
Нодиржон Тошканов
Фарғона шаҳар ИҲҲҚ жамияти раиси
Post Comment