Яна бир ҳолатда истеъмолчи ҳақ бўлиб чиқди
Ноябрь ойи бошларида Фаргона тумани Лоғон қишлоғида яшовчи фуқаро Қ.Тоштемиров МИБ туман бўлимининг хонадони табиий газ тўловларидан 336339 сўм қарздорлиги ҳақида талабномасидан норози бўлиб ёзма ариза билан мурожаат килганди. У ўз мурожаатида шу кунгача тўловларни ўз вақтида тўлаб келганлигига қарамасдан туман газ идораси ходимлари “Қарзингиз бор, МИБга бориб хал қиласиз”, деб сарсон қилишаётганини ёзган.
Истеъмолчи мурожаати МИБ туман бўлими ходимлари иштирокида ўрганилганда, хонадонидаги газ ҳисоблагич газни яхши ўтказмаяпти, деган важ билан 2017 йил 15 апрел санасида қонуний асосларда янгисига алмаштирилганлиги, лекин мазкур ҳолат бўйича тузилган далолатномада истеъмолчининг эски ҳисоблагичдаги ҳақдорлиги янги ҳисоблагичга ўтказилмасдан қолиб кетганлиги, натижада бугунги кунга келиб истеъмолчида қарздорлик юзага келганлиги аниқланди. Мурожаатни ўрганган масъул ходимлар истеъмолчининг табиий газ учун тўлаган барча тўловларини қайта ҳисоб-китоб қилиб чиққанларида, амалга оширилган тўловлар ҳисоблагичнинг 2809 метр кубига қадар етиши, лекин унинг мурожаат ўрганилаётган кундаги кўрсаткичи 2944 метр кубни кўрсатаётганлиги, яъни истеъмолчининг 51000 сўм қарздорлиги мавжудлиги аён бўлди. Бироқ истеъмолчи қўлидаги, номаълум сабабларга кўра туман газ идораси компьютер базасида аксини топмай қолган, 2017 йилнинг 20 августидаги 50000 сўмлик тўлов қоғози тегишли тартибда “Биллингаз” дастурига киритилгандан сўнг, мазкур қарздорлик ҳам барҳам топди. Олиб борилган ишлар натижасида истеъмолчи ҳисобида турган 336339 (уч юз ўттиз олти минг уч юз ўттиз тўққиз) сўм нореал қарздорликни хонадон ҳисобидан чиқариб ташланишига эришилди.
Хилолдин Гафуров
Фаргона туман ИҲҲҚ жамияти бош мутахассиси
Post Comment